Иқтисодиёт | 14:57 / 13.03.2017
11992
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек ишбилармонлари учун янги форматдаги электрон савдо эшиклари очилди

Фото: Ўзбекистон савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси (ССП) Хитойнинг «Jumore E-Commerce Co.Ltd» компанияси билан ўзаро Англашув меморандумини имзолаган. Мазкур ҳужжат ўзбек ишбилармонларига ушбу компания сайтида ўз товарлари билан савдо қилиш имконини беради. Хитой компанияси Ўзбекистон миллий павильонини онлайн режимида ишга туширди, унга мамлакатимиз ҳақидаги мунтазам равишда янгиланиб борадиган фойдали маълумотлар ҳам илова қилинди. Бу ҳақида "Finance.uz"да маълум қилинди. 

Лойиҳада ССП аъзолари ҳисобланган компаниялар ва ишлаб чиқарувчилар қатнашишлари мумкин. Палата маълумотларига кўра, бу электрон майдон қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади: "Нефть-кимё", "Озиқ-овқат маҳсулотлари", "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари", "Саноат", "Машинасозлик", "Пўлат ишлаб чиқариш", "Истеъмолчи товарлар", "Кимё", "Металлар", "Кўмир", "Минерал ресурслар". 

СППнинг янги ҳамкори «B to B» форматида чегаралараро электрон савдо билан шуғулланади. 

2016 йилнинг ноябрида Перу пойтахтида бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик (APEC) саммити давомида «Jumore E-Сommerce Co.Ltd» компанияси президенти Лу Хунсян сиёсий ва бизнес доираларни янги E4B (Ecosystem for Business/Бизнес учун экотизим) электрон коммерция модели билан таништирган эди. Жанобу Лу Е4В модели савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирувчи, шунингдек савдо-сотиқ форматини ўзгартирувчи инновацион куч бўлишини таъкидлаган. 

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан Англашув меморандумининг имзоланиши ўзбек ишбилармонлари учун ҳам янги форматдаги электрон савдо эшикларини очади. 

Мавзуга оид