10:56 / 04.04.2017
7917

Жанубий Корея кенг қамровли ҳарбий машғулотлар ўтказди

Фото: AP

Жанубий Корея 4 апрель куни кенг қамровли ҳарбий машғулотлар ўтказди. Унда ҳаракатланувчи "Чхонму" реактив ўт очиш тизимларидан фойдаланилди. Бунга КХДР томонидан ҳарбий "фитналар"га қарши тайёргарлик сабаб қилиб кўрсатилмоқда, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги жанубий кореялик ҳарбийларга асосланган ҳолда. 

Ҳарбийларга кўра, машғулотларда қуруқликдаги қўшинларнинг Косон музофотидаги 5та ҳарбий қисми иштирок этган. Агентликнинг қайд этишича, машғулотларда илк маротаба "Чхонму" тизимларидан фойдаланилган. Мазкур қуроллар 2015 йилда Жанубий Корея армияси сафига қабул қилинган эди. Бундан ташқари, ўзиюрар K-9 гаубицалари, KH-179 замбараклари, айғоқчи-самолёт, "Асо-К" радарларидан фойдаланилган. Денгизда патрул фрегати ҳамда тезсузар жанговар қайиқлар жалб этилган. 

Маълумотларга кўра, "Чхонму" реактив тизимлари 40 кмда жойлашган нишонларга 360га яқин реактив снарядни учирган. Улар 80кмгача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера олади. 

Апрель ойи охиригача Корея ярим оролининг жанубида қатор ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Уларда АҚШ ва Япония ҳарбий кемалари ҳам иштирок этади. Бу машғулотлар Шимолий Кореянинг ядро ва ракета ишланмаларига қарши қаратилган. Пхеньян маъмурияти эса, машғулотларни Жанубий Кореянинг ўзига нисбатан урушга тайёргарлиги деб баҳоламоқда ҳамда суверенитетига таҳдид пайдо бўлса, ядро зарбаси беришини таъкидламоқда. 

Top