Жамият | 19:05 / 13.04.2017
27918
3 дақиқада ўқилади

Диққат: телефон сотиб олувчи фирибгарлар қидирилмоқда

Тошкент ИИББ томонидан Тошкент шаҳрида фирибгарлик йўли билан кишиларнинг пулини ўзлаштираётган бир гуруҳ жиноятчилар қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар Olx.uz сайтида Iphone 7 телефони сотилаётганига доир эълон берганлардан бирига мурожаат қилиб, ундан 12 млн сўмлик иккита телефонни харид қилади. Жиноятчилар смартфонлар эгасига 24 тўплам 5 минг сўмлик пул беришади. Телефон эгаси 6 апрель куни пулларни санаб кўрганида, боғламлар орасига устамонлик билан 200 сўмлик купюралар жойлаштирилгани ва жами 1 млн 484 минг сўмдан ортиқроқ пул камлигини аниқлайди. 

У шаҳар ички ишлар идораларига мурожаат қилгач, республика Жиноят кодекси 168-моддаси “б” банди, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини қўлга киритиш аломатлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди. Тезкор тергов-қидирув ишлари натижасида Атабек Эрматов, муқаддам талончилик жиноятини содир этганлиги учун судланган Бобур Мақсудов ва уларнинг жиноий шериклари Аброр Ҳасанов ва Бегзод Эргашевлар гумон қилинган. 

Айни вақтда Эрматов ва Ҳасановларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда Эргашев ва Мақсудовларни ушлаш чоралари кўрилмоқда. Эрматов ва Ҳасанов билан олиб борилган тергов ишлари давомида ушбу гуруҳ 2017 йил март ойидан бошлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Шайхонтоҳур, Юнусобод туманларида ҳам юқоридаги сайт орқали Iphone 7 смартфонларини сотилиши ҳақидаги эълонлар бўйича мижозларни чув тушириб келганлиги аниқланган. 

Бу жиноятни содир этилиши сабаби сифатида Эрматов, Ҳасанов ва Эргашевлар Қозоғистон республикасидаги казинода йирик миқдорда пулни ютқазиб қўйганлиги, бу маблағларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида шундай жиноий ишга қўл урганликларини маълум қилган. 

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар ИИББ қуйида қидирилаётган шахслардан жабр кўрган фуқаролар бўлса, 102 қисқа рақами ёки яқин орадаги милиция пунктларига мурожаат қилишларини сўраб қолади. 

Мавзуга оид