Жаҳон | 17:58 / 14.04.2017
8471
2 дақиқада ўқилади

Бинали Йилдирим лавозимидан кетиш шартини билдирди

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим 16 апрель кунги референдумга киритилган конституциявий ўзгаришлар мамлакатнинг федератив тизимга ўтишига олиб келса, истеъфога чиқишини билдирди. 

"Бошқа нарсани ўйлаб топа олмаётганлар, эндиликда, Туркия референдум натижасида унитар тизимдан воз кечади, деган гапни айтиб юришибди. Яъни, уларга кўра, марказий ҳукумат билан бирга кўплаб митти ҳукуматчалар ҳам бўлар экан. Мана бош ҳукумат, унинг ёнида Кўня ҳукумати. Бундай бўлиши мумкинми? Агар шундай (федератив) тизим пайдо бўлса, партия раҳбари ва бош вазир сифатида шу ондаёқ истеъфога чиқаман", — деган Йилдирим Анқарадаги митингда. 

Унинг қўшимча қилишича, бошқарувнинг федератив усулига ўтиш, мамлакат жануби-шарқидаги курдлар истқомат қиладиган ҳудудларнинг айирмачилик кайфияти эътиборга олинса, хавфлидир. 

Эслатиб ўтамиз, келаётган якшанба, 16 апрель куни Туркияда мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Унда парламентлик республикасини президентлик республикасига айлантириш масаласи ҳал этилади. 

Мавзуга оид