Қўли чақа, елкаси яра ва «текинхўр» ўқитувчи
Таҳририятга ўқитувчиларнинг бугунги кунда қандай даражага туширилганини баёни бўйича яна бир мактуб келиб тушди. Зоҳиджон исмли мухлис ўзининг киноялар билан тўлдирилган номасига «Келинглар, ёзги таътилни кузга кўчирайлик...» сарлавҳасини қўйган.
Ростдан ҳам ёзги таътилни кузга кўчириш керак. Таълим тизимимиз анча самарали натижа бера бошлайди...
Ҳай, ҳай, шошманг, оз-моз ўқиб, "Бу одам ақлдан озибди, ёзги иссиқда ўқиш аҳмоқлик", деманг. Мен ҳам таътилни кузга кўчириш истиқболлари тўғрисида фикр юритмоқчи эмасман.
Собиқ иттифоқ даврида аҳвол жуда ачинарли бўлган экан. Ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам дарсни бир чеккага суриб, пахта теришган экан…
Майли, сал узоқроқдан бошлаймиз. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларидан бирида қишлоқ мактабида ишлайдиган ўқитувчи танишимни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрагандай бўлдим. Тилим қурсин, "йўл бўлсин" дебман. Жавобидан тилимни тишлагудек бўлиб, ёқа ушладим.
- Қурт тергани кетаяпмиз.
Оббо, тиниб-тинчимаган одамлар, нималарни ўйлаб топишмайди а?
Худонинг балоси келса, қийин экан. Пахта кўсакларига ҳам қурт тушибди! Унга қарши жавлон уриб курашадиган аграномлар, туман лабораторияси ходимлари қандайдир тадбирлар билан банд бўлиб, "қоғоз тўлдириб", ўзлари ҳал қила олмаган ишларни ўқитувчилар ихтиёрига қолдиришибди. Муаммо осон ҳал этилган: ўқитувчилар далага бориб, енг шимариб қурт тушган кўсакларни теради! Ҳа-да! Бюджетимизнинг катта қисми ўшаларга кетмоқда. Таътилда дам олишни ким қўйибди у занғарларга!
Баҳорда эса бошқа бир ўқитувчи "мактабимиз учун 4 қути ипак қурти беришди, ўшани боқиш учун Аҳмад акага пул йиғиб бердик. Барака топгур, ўзи боқяпти. Ўтган йили далага чиқиб, тут барги излаб сарсон бўлгандик...", деганди.
Ўз опам эса "Пахта чопиққа чиқяпмиз, у томонларда аҳоли кам яшаркан, пахта чопгани ҳеч ким бормаяпти. Шунга бизни гуруҳларга бўлиб юборишмоқда. 5 кун ўша ерда қолиб, пахта чопдик", дея ҳасрат қилганди.
Бу ҳали ҳолваси. Хўжалик мудирининг ҳикоясини тинглай туриб, ичаётган чойимни юта олмай қолдим. Унинг айтишича, буғдой бўйича туман режаси тўлмабди. Ўқитувчилар пул йиғиб беришибди!
Яна бир воқеани кўринг: Қандай яхши! Тошкент-водий йўналишида янги поезд йўлга қўйилди. Биринчи рейсда давлат ва жамоат арбоблари илк фахрий йўловчилар сифатида поездга минишади. Юрт ривожланганида бу. Лекин, фахрий йўловчиларга туманни шу аҳволида кўрсатиб бўладими?! Тумандан буйруқ келади: Ҳамма ўқитувчилар темир йўл атрофини тозалашга!
"Айтинг, куз келмасин! Майли, асалдек узумларни емайлик, майли тилни ёрадиган қовунлар керакмас, сайллар қолиб кетсин, лекин куз келмасин". Бу ўқитувчилар бошидаги хаёл.
Қишлоқ ўқитувчилари шундай ўтинади. Ахир юртимизда болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича махсус кўрсатма амалда. Энди аввал бўлгани каби ўқувчилар пахта теримига чиқарилмайди. Лекин шунча пахтани ерда қолдириб бўладими!?
"Бюджетнинг катта қисмини "ўпираётган" ўқитувчилар бу вақтда бамайлихотир дарс ўтиш билан банд бўлиши керакми? Нега улар пахта терими вақтида хонада бўлишлари керак?" Бу туман ҳокимиятларидаги хаёл.
Ўқувчиларга тегиб бўлмайди, махсус кўрсатма келган. Шу кўрсатмада "ўқитувчи" деган сўз бўлмагани зап иш бўлди-да!..
Кузда мактаблардаги аҳвол: ўқитувчилар гуруҳларга бўлинади. Навбатма-навбат ҳар бир гуруҳ маълум вақт мактабдаги ўқувчиларга "қоровуллик" қилади, қолганлар пахта далаларига марш. Математика ўқитувчиси тарих, биология, физика, кимё ёки бошқа фанлардан дарс ўта олади.
Дарсни ким ўтади? Фарзандлар қандай таълим олишсин?
Ана энди сарлавҳага қайтайлик - келинглар таътилни кузга кўчирамиз. Шунда ёзда ўқувчилар тўлиқ таълим олишади, кузда эса улар таътилга, "текинхўр" ўқитувчилар эса пахта далаларига.
Кимдир "бу пахта сиёсати, бунга бурун тиқиб нима қиласан" дейиши мумкин. Лекин бизда ёшлар сиёсати ҳам борку!
Майли, олий таълим муассасаларини пахта ҳашарига жалб қилайлик - ватан учун озроқ қийналишсин, майли. Лекин, халқ таълимини қишлоқ хўжалигидан айро қилиш вақти келмадимикин? Касаба уюшмалари ҳам озроқ ғайрат қилиб, ўз ишларини бажариш вақти келмадимикин?
Қўли яғир, елкаси яра ўқитувчилар ҳам одамдай яшаса бўлмасмикин?
Ўқитувчилар пахта термаса, нима йўқотамиз? Терсачи? Қиёслаб кўрсак, ўқитувчилар пахта термаса, озроқ пахта йўқотамиз, озроқ пул йўқотамиз.
Ўқитувчи пахта терсачи? Билим йўқотамиз. Келажакни йўқотамиз, юрт фарзандларининг вақтини, илмга муҳаббатини йўқотамиз.
Ахир бир фанни яхши биладиган одам (яъни, ўқитувчи) далада итдек ишласа, ундан кўра, шу фанни ўрганмаса, билмаса эди, бунчалик қийналмас эди, деган фикр шаклланмайдими? Болаларда шундай қарашлар уйғонмаслигига ким кафолат беради? Террорчилар сафига қўшилиб қолган юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз терроризм ҳақидаги тушунчани ўқитувчиси дарсда эмас, даладалиги боис онгига муҳрлай олмагандир, эҳтимол…
Эҳтимол, мен ноҳақдирман. Эҳтимол, ўқитувчи ростдан ҳам бюджетдан олаётган пулини дарс ўтиб эмас, қурт териб, қурт боқиб, пахта териб, пахта чопиб оқлаши адолатдандир...
Онам айтиб берганди. Бир сафар ўқитувчилар гуруҳи пахта теришга боришса, фермер ҳайдаб солибди. Чунки, уни ҳеч ким мажбурламаган. Лекин директорга буйруқ берилган, қуриб кетгур режа берилган. Нима қилишсин бечоралар? Фермердан яширинча узоқ пахта бўлакларида оқ олтинни териб, тушлик қилмасдан, ўзлари транспорт топиб, терилган пахтани қабул пунктига олиб бориб, навбатда туриб топширишган ва пахта топширилгани ҳақидаги исбот қоғозларни "туман бўлими"га олиб бориб кўрсатишган ва кейин тин олишган экан…
Эҳтимол бу ҳам адолатдандир…
Келинг, яхшиси, таътилни кузга кўчирайлик…
«Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!». Журналист ўзига тупурганда
Мавзуга оид
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
18:39 / 27.06.2023
Ўқитувчиларнинг таътили 56 кун этиб белгиланди
20:40 / 22.06.2023