Жамият | 18:55 / 04.05.2017
30111
2 дақиқада ўқилади

Кун.uz мурожаати бир қабиҳ жиноятчини фош қилди

Тошкент шаҳрида вояга етмаган қизларни фоҳишаликка мажбурлаган шахс қўлга олинди. Кун.uz сайти таҳририяти жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг жиноятчи ҳамда ғараз мақсадли кишилардан азият чекишларига барҳам беришга кўмаклашиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ бошқармасига бир фуқаронинг мурожаатини етказган эди. Шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўз вазифасига профессионал ёндашувчи ходимлари ушбу мурожаатда билдирилган ҳолат ҳақиқатда мавжудлигини аниқлашди. Бу ҳақда Тошкент ИИББда бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.  

Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, 2017 йил март ойининг бошларида 1982 йил Тошкент вилоятида туғилган фуқаро С.Ҳ. бойлик орттиришнинг ғайриқонуний ва ғайриинсоний йўлини танлади. У ўзининг ғаразли ва паст ниятини амалга ошириш мақсадида 18 ёшга тўлмаган 2 нафар қизларни фоҳишалик билан кўп миқдорда пул топиш мумкинлигига қизиқтириб, уларни фоҳиша сифатида ёллаган. Аниқроғи, қизларни фоҳишалик қилишларига мажбурлаш учун интим фотосуратларини олган. Сўнгра, қизлар унинг талабини бажаришдан бош тортишса, мазкур фотосуратларни қизларнинг ота-оналари ва таълим масканларига юборишини айтиб қўрқитган ҳамда шантаж қилган. Шу билан  уларни фоҳиша сифатида ишлашга мажбур қилган. 

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро С.Ҳ. фуқаро З.дан фоҳишалик билан топган пулидан 240 минг сўм миқдордаги пулларни олган вақтида далилий ашё билан ушланди. Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан фуқаро С.Ҳ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди, яъни “Одам савдоси, одамни олиш-сотиш ва одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, яшириш ёки қабул қилиш” билан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида С.Ҳ. қамоққа олинган. 

Мавзуга оид