Бухоролик фирибгар аёлнинг “фаолияти”га нуқта қўйилди
Орамизда шундай эр-йигитлар борки улар учун оила деб аталмиш даргоҳ муқаддас саналади. Бундай виждони пок ва ҳалол йигитлар ор-номус, ғурур, оила шаъни каби тушунчаларни эъзозлаш билан бир қаторда эзгу амаллари билан кўпчиликка ўрнак бўлади.
Аммо, яна шундайлар борки, улар пул-бойлик, мол-дунё илинжида ўзининг жуфти ҳалолини тубанликлар сари равона қилиб жиноят кўчаси томон етаклайди. Ўзи уйида «хонаки эркак» бўлиб куни билан ғафлат босиб ухлайди-ю, кўчага аёлини ҳайдаб солиб «пул топиб келасан», дея уни минг балога гирифтор қилади. Эрининг таъна дашномларидан, кунора калтакларнинг оғриқли зарбидан безиган шўрлик аёл эса, кўчага чиқиб пул топиш мақсадида жиноятга қўл уради.
Бухоро тумани Лоша Қишлоқ фуқаролар йиғини Диосиё қишлоғида яшовчи Нигора Сайидова (исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундай жабр-ситамлар исканжасида жиноятчи номини олганлардан.
Нигора турмуш ўртоғи Акбар билан аҳду паймон қилиб яхши ниятлар билан оила қуради. Бу никоҳига қарши турган отаси уни мақсадидан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, аммо уринишлар зое кетади. Турмушнинг дастлабки кунларида бахтли жуфтлик биргаликда ишлаб рўзғор тебратадилар. Сўнгра Акбар хотини Нигорани ўзи билан бирга ишлаш мақсадида Россия Федарациясига олиб боради. У ерда ўтган 2 йил давомида уларнинг фарзанди Аббос дунёга келади. Нигора чақалоқ билан бегона юртларда қийинчиликларга бардоши етмай ўз уйига қайтади. Аммо отаси уни очиқ чеҳра билан кутиб олмайди. Нигора турмуш ўртоғи Акбар билан қўнғироқлашиб, Бухоро шаҳридан ижарага уй олиб яшашини айтади. Бунга рози бўлган Акбар эса, бир йилдан сўнг уларнинг ортидан келади. Россияда ишлаб топган пулларини сарфлаб тугатганларидан кейин улар ҳатто уйнинг ижара пулларини ҳам тўлашга қийналиб қоладилар. Дунёқараши кемтик эр-хотинлар пул йўқлигидан кунора уйда жанжал кўтариб бир-бирини дўппослашгача борадилар. Акбар яна қайтиб Россия давлатига боришни хоҳламасди. Чунки у ердаги азоб-уқубатлар унинг этини титратарди. Чиқиб ишлайман деса қўлидан тайинли иш келмайди. Россияда у қари кампирларнинг «қадрдон кучукча»ларини боқиб, уларга овқат пишириб берган ва шунинг кетидан ойлик олган. Кучуклар билан кўпроқ мулоқотга киришгани боис, ўзи ҳам 4-5 йил давомида худди офтобда тобланиб ётадиган, «хўжайинига ҳам нафи тегмайдиган қари туллак» каби сифатларга эга бўлган...
...Нигора пул ишлаб топиш мақсадида шаҳардаги айрим ташкилотларда фаррошлик қилар, қўшниларининг уй юмушларига кўмаклашар, кези келганда чойхона ва туйхоналарда идиш-товоқ ювиб чойчақа ишлаб топар эди. Лекин бу пуллар текинхўр эрнинг харажатлари-ю, рўзғор ташвишларига мутлақо етмасди. Ва ниҳоят, эри Акбар ноиложликдан яна Россияга кетишга мажбур бўлади. Лекин мана икки йилдирки бирор чақа узатган ёки келаман, деб қўнғироқлашган ҳам эмас.
Нигора қисқа вақт ичида мутлақо ўзга қиёфага кириб, дунёқараши ҳам тубдан ўзгариб, пул топишнинг қинғир йўлларини ўзига маъқул деб топди. «Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади», унинг макридан «фалак ҳам андиша қилар экан» деганларидек, Нигора нафс йўлида бировларни алдаш, ишонтириш орқали фирибгарликни ўзига касб қилиб олди.
Унинг қўшниси Маҳбуба опа қизларини турмушга узатиб ўзи ёлғиз яшаб келмоқда. Лекин аёлнинг йиғиб қўйган пуллари, тилла-тақинчоқлари бисёр. Маҳбуба опа Нигорага буткул ишонади. Нигоранинг эри Россияда юрган кезлари у Маҳбуба опанинг уйида ҳам яшаган. Қўшнисининг кўзи тўқ ва бадавлат аёл эканлигини билган Нигора бир куни, «опажон тилла тақинчоқларизни бериб туринг, опамни тўйига тақиб бориб эртаси куни қайтариб бераман», дея Маҳбуба опанинг тилла занжири, икки дона тилла узуги ва билакузугини қўлга киритадида шайтоннинг измига кириб бозор томон равона бўлади. Тилла тақинчоқларни бозорга олиб бориб арзон нархда пуллаб уйига қайтади. Маҳбуба опа эса қўшнисига андиша қилиб тилла тақинчоқларни хохлаган вақтида қайтариб бериши мумкинлигини айтади, аммо билмайдики, у тақинчоқлар аллақачон сотиб юборилган.
Биринчи «ови» бароридан келган Нигора пул топишнинг осон йўлига ўрганиб, борган сари такаббур ва калтафаҳм аёлга айланиб қолганди. Унинг яшаш хонадони пастки қаватида уч-тўрт нафар талаба йигит ижарада истиқомад қилишади. Нигора уларнинг стипендиялари пластик карточкалар орқали берилишидан хабардор. Маккора аёл уларнинг хоналарига тушиб Аброр исмли талаба йигитни ўзининг ҳийлалари билан алдайди. Пластик карточкадаги 700 000 сўм пулларини икки кун ичида нақд пул қилиб беришини ваъда қилиб қўлга киритадида, бу пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб, талаба йигитни қақшатади. Кейинги кун Аброр Нигорани кўриб пластик карточкасини ва пулни сўраганида, «укажон менга яна озроқ пул керак, агарда хонадошларингга ҳам пул зарур бўлса пластик карточкасини олиб бер, бир варакайга ҳаммасини эртанинг ўзидаёқ ечиб бераман», дея алдайди. Унинг қуруқ ваъдаларига ишонган Аброр хонага тушиб у билан яшайдиган ўртоғи Ферузнинг ҳам пластик карточкасини Нигорага келтириб беради. Мана икки ойдан буён Нигора уйига худди ўғри мушукдек пойлаб кирар, эрта тонгда яна қўшнилари уйғонмасдан кўчага отланарди. Талабалар эса унинг ортидан ялангоёқ бўлиб югуриб юрардилар...
Фирибгар аёл булардан ташқари, Жондор туманида истиқомат қилувчи Зебо исмли аёлнинг ҳам тилла тақинчоқларини сотиб беришни ваъда қилиб, унинг 5 миллион сўмлик тилла буюмларни қўлга киритиб «қуённинг расмини чизган» эди. Зебо опа Нигорани қидириб ва ниҳоят топадида унинг қўлида бўлган сумкасини очиқдан очиқ эгаллаб олади. Сумкадан Нигоранинг фуқаролик паспорти ҳамда 4 дона пластик карточкаларини олган Зебо опа Нигорага 2 кун ичида тилла тақинчоқларининг пулини келтириб беришини, акс ҳолда ички ишлар идораларига мурожаат қилишини таъкидлайди.
Бу тазйиқдан озгина чўчиган Нигора яна кимнидир «кийдириш» умидида дайдиб юрган кунларининг бирида ёғоч маҳсулотлари сотиладиган бозорга кўзи тушиб у ерда ҳам ўзининг пишириб юрган ёлғонларига лаққа тушадиган бирор-бир ишонувчан одамни қидиради.
Муродилло ака бир неча йиллардан буён ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб ўзининг доимий мижозларига эга бўлган тадбиркорлардан. Бозорда унинг атрофида харидорлар талай эканлигини кўрган Нигора оз бўлса ҳам ҳадиксирамай тадбиркор амакига эри Россияда эканлигини, уйида қурувчи усталар ишлаётганлигини, шунинг учун салкам 5 миллион сўмлик ёғоч маҳсулотлари зарур эканлигини айтади. Муродилло ака аёлнинг найранглари-ю, мулойим хушомадларидан сармаст бўлиб ушбу маҳсулотларни шу бозорда киракашлик билан шуғулланадиган Баҳром исмли ҳайдовчининг автомашинасига юклатиб, қайтишида пулини олиб келишини айтади.
Нигора эса Зебо опага қўнғироқ қилиб тилла тақинчоқларининг пули эвазига ёғоч маҳсулотлари элтиб беришини айтади. Ҳайдовчини Жондор тумани томон бошлаган Нигора йўл-йўлакай қўл телефонидан смс хабар орқали Зебо опа билан хабарлашиб, ушбу маҳсулотлар автомашинадан тушурилгандан сўнг зудлик билан гумдон қилинишини таъкидлайди. Ёғоч маҳсулотлари Нигора бошлаган манзилга бир зумда тушурилгач, Нигора фуқаролик паспортини Зебо опадан оладида гўё йўл кира ва маҳсулотлар пулларини ўзининг уйидан олиб беришни айтиб автомашинага ўтиради ва ҳайдовчини бошқа манзилга бошлайди. Қишлоқнинг чеккасида ҳали қурилиши тугалланмаган бир уйга кўзи тушиб, ҳайдовчига автомашинани шу уй олдида тўхтатишини, шу ерда яшашини, бир оздан сўнг пулни олиб келишини айтиб машинадан тушадида, ўша уйга томон кириб кетади. Ҳайдовчи тахминан бир соатлар кутиб охири сабр косаси тўлгандан сўнг унинг ортидан уйга кириб борса у ерда ҳеч бир жонзот йўқ. Нигора уйнинг олд томонидан кириб орқа томонидан жуфтакни ростлаганлигини фаҳмлаган ҳайдовчи автомашинага ўтирадида ёғоч маҳсулотлари тушурилган дастлабки манзилга боради. У ердан Нигора ҳақида сўраганида хонадон соҳибларидан бир ҳеч қанақа Нигора исмли аёлни танимасликларини, ёғоч маҳсулотлари тушурилган заҳоти бошқа кишилар томонидан олиб кетилганлигини айтади.
Фирибгарларнинг найрангига дучор бўлган ҳайдовчи шаҳарга қайтиб бўлган воқеалар ҳақида Муродилло акага айтиб берганидан сўнг улар биргаликда Бухоро шаҳар ИИБга бориб ариза билан мурожаат қиладилар.
Бухоро шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштурув ва тезкор тадбирлар давомида бир неча ўнлаб кишиларнинг ҳаловатини бузган, фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Нигора қисқа вақт ичида қўлга олинади.
Барча қилмишларига иқрор ҳолда қонун олдида бош эгиб турган аёлнинг кирдикорларини қандай изоҳлаш мумкин. Албатта, содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жазо муқаррар. Аммо, шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Нигора каби қинғир йўллардан юришга одатланган аёлларни, қолаверса, жиноятга қўл урган шахсларни жазолаш орқали бугун жамиятимизда содир бўлаётган турли кўнгилсизликларга, ноўрин жабрланишларга, нодонлик ортидан келаётган мусибатларга буткул барҳам бериш мумкинми?
Бахтиёр Рахматов, капитан
Бухоро вилояти ИИБ
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
15:04 / 03.11.2024