Ўзбекистон | 18:20 / 09.07.2017
9581
3 дақиқада ўқилади

Олти давлат парламенти билан дўстлик гуруҳлари ташкил этилди

Фото: Халқаро пресс-клуб

2017 йилнинг биринчи ярмида Сенатнинг икки ялпи мажлисида 6 қонун лойиҳаси киритилди (буларнинг орасида халқаро ҳужжатлар ратификацияси ҳам бор) ва қонун томонидан тасдиқланди. Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Б.З.Асадов шу ҳақида маълум қилди. 

"Қўмитамиз номидан келиб чиққан ҳолда, асосий эътибор ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилди. Ушбу муносабатларни ривожлантириш хорижий инвестицияларни жалб этиш ёки халқаро молиявий институтлар ресурсларни жалб этишга қаратилган хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлди. Жумладан, ҳозирги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Европа инвестицион банки (ЕИБ) ва бошқа банклар билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган кредитларни жалб этиш, яъни чет элда ўз фаолиятини юритаётган халқаро молиявий институтлар ресурсларини  Ўзбекистондаги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга қаратилмоқда. 

Бундан ташқари, шу йилнинг биринчи ярмида Фарғона шаҳрида ЕТТБ вакиллари билан келажакда ажратиладиган кредитларни олиш йўл-йўриғини тушунтириш мақсадида Наманган, Андижон, Фарғона вилоят тадбиркорлари иштирокида катта амалий семинар бўлиб ўтди. 

Шунингдек ҳозирги кунда ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўлида мавжуд бўлган муаммолар, ўз ечимини кутаётган масалаларни ўрганиб чиқиш учун махсус эксперт гуруҳларини тузганмиз. Ўтган 6 ой мобайнида шу гуруҳлар билан 9 учрашув бўлиб ўтди. Унда экспертлар томонидан, яъни тегишли вазирлик ва идоралар томонидан киритилган таклиф ва мулоҳазаларнинг ҳаммасини йиғиб, тегишли вазирликларга тавсиялар ва йўриқномалар йўлланди. 

Бундан ташқари, хорижий парламентлар билан алоқаларни ривожлантиришни алоҳида қайд этиш жоиз, шу йилнинг ўзида 6 давлат парламенти билан дўстлик гуруҳлари ташкил этилди. Булар Хитой, Қозоғистон, Грузия ва бошқа давлатлар. Бу гуруҳлар авваламбор икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга ниҳоятда катта ёрдам берди. 

Шунингдек қўмита ва сенат аъзоларидан ташкил топган гуруҳлар учун чет элга сафарлар уюштирилди. Ушбу сафарлар доирасида натижали ҳужжатларга қўл қўйилди. 

Мисол учун, Озарбойжон ёки Грузияга борилганда ўша давлатлар ҳудудидан кесиб ўтадиган транзитда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга чегирмалар берилди, яъни Озарбойжонда - 30 фоиздан 50 фоизга, Грузияда 40 фоиздан 50 фоизга оширилди. Латвияга ташриф доирасида кўплаб ҳужжатларга қўл қўйилди. Хусусан, савдо уйи очилиши, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар экспортига оид ва яна бир қизиқ масала - Латвия портларида хаб очиш масаласи, ҳозирда бу имкониятлар ўрганиб чиқилмоқда, у маҳаллий маҳсулотларимизнинг Европа бозорига чиқишига катта ёрдам беради". 

Мавзуга оид