21:06 / 10.08.2017
9754

Тўрт нафар ўзбекистонлик Озарбойжон олий таълим муассасаси талабаси бўлди

Тўрт нафар ўзбекистонлик Озарбойжон таълим вазирлигига қарашли олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу ҳақида ўзбекистонлик тарихчи олим ҳамда Озарбойжон ФА Тарих институти фахрий доктори Шуҳрат Барлос ўзининг Facebook'даги саҳифаси орқали маълум қилди. 

"Бугун жуда хурсандман! Бирданига тўрт шогирдим Озарбайжон Республикасининг Таълим вазирлигига қарашли олий ўқув юртларига қабул қилинди", - деб ёзади у.

Манбага кўра, бир йигит ва бир қиз «International Relations» ("Халқаро алоқалар") факультетида инглиз тилида, бир қизимиз «Tourism & Hospitality Management» ("Туризм ва меҳмонхона бошқаруви") факультетида француз тилида, яна бир йигит эса Озарбайжон Республикаси Консерваториясида Тор ва Соз йўналиши бўйича озарбайжон тилида таълим олади.

"Ҳаммаси ўз кучи билан Озарбойжондаги олий ўқув юртларига кирди. Ота-онасига ёрдам бўлсин дея шогирдларимни турар жой ва моддий ёрдам билан таъминлашга ҳаракат қилаяпман. Ўзбекистоннинг энг истеъдодли ва иқтидорли ёшлари менинг шогирдларим эканлигидан фахрланаман. Дунёдаги энг бахтиёр инсон - менман. Ўзбеклигимдан ғурурланаман. Қандингни ур, ўзбек!!!" дея сўзларига якун ясайди Шуҳрат Барлос. 

Top