Жамият | 12:22 / 13.08.2017
6290
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда бизнес омбудсман мавзуси муҳокама қилинди

Cамарқандда «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги Қонун лойиҳасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар беради Кун.узга Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Давра суҳбатида адлия, прокуратура, савдо-саноат палатаси, адвокатлар палатаси, бошқа тегишли ташкилотлар ва тадбиркорлар вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби давлат ҳимоясига олинди, юртимизда ўрта мулкдорлар синфи шаклланди. Соҳада олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатда биргина кичик тадбиркорлик субъектлари сони 210 мингдан ошгани қайд этилди.

Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Жумладан, қонун лойиҳасининг 3-моддасига кўра Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан риоя этилишини таъминловчи мансабдор шахс эканлиги билдириб ўтилди.

Лойиҳада назарда тутилган нормаларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимиинг янги таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиши тушунтирилди.

Давра суҳбатида иштирок этган ташкилот ва идоралар вакиллари томонидан қонун лойиҳасига бир қатор таклифлар берилди. Хусусан, вилоят адлия бошқармаси вакили томонидан қонун лойиҳасининг айрим моддаларига ўзгаришлар киритиш таклифи берилди. Қонун оддий ва содда ҳамма тушунадиган тилда бўлиши хусусида аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, вилоят прокуратураси вакили томонидан бизнес омбудсманнинг вилоятдаги вакилини мутахассислиги юзасидан таклифлар берилди.

Тадбир давомида янграган барча таклифлар умумлаштирилиб Олий Мажлис қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид