Ўзбекистон | 08:49 / 24.10.2017
20281
3 дақиқада ўқилади

Давлат бошқаруви органлари раҳбарлари учун Намунавий регламент тасдиқланди

Фото:kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 19 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни чиқарди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органи ҳайъатининг Намунавий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ҳайъатлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, вазирликлар, идоралар ва давлат бошқаруви бошқа органларининг раҳбарлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳайъатларини уларнинг таркибий бўлинмаларидан янги аъзолар билан тўлдириш ҳисобга олинган ҳолда, ҳайъатлар регламенти ва таркиби бир ой муддатда тасдиқланишини таъминлайдилар.

Давлат бошқаруви органлари раҳбарларига ҳайъатлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ўтказилиши юзасидан шахсий масъулият юкланди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юкланди.

Регламентга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органининг ҳайъати доимий фаолият кўрсатадиган маслаҳат органи ҳисобланади.

Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

давлат бошқаруви органлари фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларининг тизимли асосда эшитиб борилишини ташкил этиш, қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан давлат бошқаруви органлари тизими раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

давлат бошқаруви органи фаолиятига оид ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш самарадорлигини ҳар чоракда ва тизимли кўриб чиқиш;

ҳайъатнинг кенгайтирилган кўчма йиғилишларини ўтказиш, давлат бошқаруви органи фаолияти соҳаси долзарб масалаларининг жойларда муҳокама этилишини таъминлаш;

давлат бошқаруви органи марказий аппарати ва унинг тизимидаги лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

давлат бошқаруви органи номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун давлат бошқаруви органи раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритиладиган ва давлат бошқаруви органи масъул ижро этувчи орган ҳисобланган қонун лойиҳалари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш.

Ҳайъат Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органи ваколатига кирадиган ва коллегиал муҳокама этишни талаб қиладиган ҳар қандай масалани кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид