Жаҳон | 09:40 / 13.11.2017
20649
2 дақиқада ўқилади

14 та афтершок. Эронда қурбонлар сони яна ошди - 141 киши

Фото: Reuters

Эронда юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 141 кишига етди, деб хабар бермоқда Press TV телеканали маҳаллий расмийларга асосан.

Аввалроқ 129 киши ҳалок бўлгани ва мингдан ортиқ инсон жабрлангани хабар берилганди.

Зилзила Эрон ва Ироқ чегарасида 12 ноябрь куни юз берди. Европа Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, магнитуда 7,2’ни ташкил қилди. Ироқда ҳам табиий офат натижасида кўплаб инсонлар ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Манба хабарига кўра, Эронда зилзиладан сўнг 14 та афтершок юз берди. "14 та такрорий ер силкинишлари ғарбий туманларда юз берди. Уларнинг кучи Рихтер шкаласи бўйича 2,3 баллдан 4,1 баллни ташкил қилган", - дея маълум қилди зилзилаларни кузатиб бориш марказидаги манба.

Қизил Ярим ой жамиятининг хабар беришича, тахминан 70 минг эронлик бошпанасидан айрилди ҳамда вақтинчалик турар-жойга эҳтиёжи бор. Ҳукумат жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.

Ўз навбатида, Туркия Ироққа ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди. Мамлакатнинг зилзиладан жабр кўрган туманларига мобиль гуруҳлар юборилди, турк шифохоналарида жароҳатланганларни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Мавзуга оид