Жаҳон | 13:50 / 13.12.2017
12584
2 дақиқада ўқилади

Кутилмаган ҳолат. Мактаб ҳудудига АҚШ ҳарбий вертолётининг бир қисми қулади

Фото: NHK

Япония жанубида жойлашган Окинава префектураси Гинован шаҳридаги бошланғич мактаб ўқувчиси Американинг CH-53 ҳарбий вертолётининг бир қисми қулаб тушгани натижасида қўлидан жароҳат олди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар бермоқда.

Унинг маълумотларига кўра, Америка қўмондонлиги префектура маъмурияти ва Япония Мудофаа вазирлигининг маҳаллий ваколатхонаси вертолёт парвози чоғида маҳкамлайдиган рамадаги иллюминатор пастга қулагани ҳақида хабардор этган.

Буюм Американинг Футэмма ҳарбий базаси ҳудудига қўшни бўлган мактаб майдончасига келиб тушди. У ерда тахминан 30 нафар болалар ва ўқитувчилар бўлган. Жабрланган бола, таъкидланишича, буюм қулаган жойнинг яқинида бўлган ҳамда чап қўлидан жароҳат олди, бироқ бу айнан қандай юз берганига аниқлик киритилмаган.

TBS телеканали томонидан тақдим этилган кадрларга қараганда, ўша пайтда ўқув муассасаси устидан АҚШ ҲҲКнинг учта вертолёти учиб ўтаётган бўлган. Уларда қандайдир объектнинг ажралиб кетгани ва пастга қулаганини кўриш мумкин.

"Бундай ҳодисалар Окинава префектураси аҳолисида жиддий хавотир уйғотади. Шундай вазиятларга йўл қўйиб бўлмайди", - дея маълум қилди Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Суга Токиодаги матбуот анжуманида. Унинг сўзларига кўра, Япония ҳукумати АҚШ ҳарбийлари билан алоқада бўлиб турибди ҳамда рўй берган ҳодиса тафсилотларини аниқлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта худди шу тумандаги болалар боғчаси томига цилиндр шаклдаги буюм келиб тушганди. Япония Мудофаа вазирлиги тахминига кўра, бу CH-53 вертолётининг бир қисми бўлган, бироқ Америка томони бундай маълумотни тасдиқламади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид