Жаҳон | 19:50 / 20.12.2017
19035
7 дақиқада ўқилади

Вазият таранглашди. Донбассда «Янги йил мушакбозлиги» бўладими?

Фото: Украина Мудофаа вазирлиги

Бугун «Вестник Мордовии» нашри Украина Донбассга «бомбалар ёмғири» ёғдиришга ҳозирланаётгани тўғрисида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, украиналик ҳарбийлар 600тага яқин артиллерия қуролларини жанговар ҳолатга келтиришган.

19 декабрь куни Донбассда сулҳга эришиш бўйича назорат ва кординация қўшма маркази (СЦКК) таркибидаги россиялик зобитлар унинг таркибидан чиқди. ОАВ хабарига кўра, россиялик ҳарбийлар можаро ҳудудини тарк этишган.

Украиналик ҳарбийлар ҳам марказдан чиқиши айтилмоқда.

Украина қуролли кучлари маълумотига кўра эса, украиналик ҳарбийлар айирмачилар назоратидаги ҳудуддан кетишган, лекин марказ таркибида фаолиятини давом эттирмоқда.

Донбасс бўйича музокаралар жараёни иштирокчилари ва сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Россиянинг кетиши СЦКК мавжудлигига барҳам беради.

Бу эса келгусида ҳарбий асирларни алмашиш жараёнини қийинлаштириб, ҳудудда жанговар ҳаракатлар янгидан авж олишига олиб келиши мумкин.

Оператив коммуникация

Фото: Украина Мудофаа вазирлиги

Қўшма марказ - кейинги вақтларда россиялик ва украиналик ҳарбийларни ўз ичига олган ҳолда фаолият олиб борган орган. Унинг таркибига икки томондан 75 нафардан ҳарбий кирган. 

Марказда айирмачи кучларнинг расмий вакили бўлмаган, аммо «Луганск халқ республикаси» ва «Донецк халқ республикаси» бу ерга норасмий вакилларини «тайинлаб туришган».

Россияликлар ҳам, украиналиклар ҳам фронтнинг икки чизиғида томонлар сулҳга қай даражада амал қилишини кузатиб боришган.

«Бу оператив коммуникация эди», дея баҳолайди Украина ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий эксперти Михаил Жирохов.

Унинг изоҳлашича, СЦКК таркибидаги россиялик офицерлар «ЛХР» ва «ДХР» қуролли бўлинмалари қўмондонлари билан тўғридан-тўғри алоқаларга эга бўлган, украиналик ҳарбийлар эса Украина Маъмурий-ҳудудий тузилма (АТО) секторлари раҳбарлари билан боғлана олади.

Фото: Getty Images

Фронт чизиғида вазият кескинлаша бошлагач, СЦККнинг навбатчи офицерлари ўз линиялари билан алоқага чиқишган ва вазиятни ўрганиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув қилишга уринишган.

Бу ишлар ЕХҲТ мониторинг миссияси билан яқин ҳамкорликда олиб борилади, аммо СЦКК кўпроқ таъсир доирасига эга ҳисобланади.

Душанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги россиялик ҳарбийлар бундан кейин ушбу марказ фаолиятида иштирок этмаслиги ҳақида маълум қилди.

Бундай қадам Украина позициясига жавобан ташлангани айтилди. Россиялик дипломатларнинг фикрича, украинлар СЦКК тартибларига тўла бўйсунмаган, россияликларнинг ҳаракатларига турли тўсиқлар қўйишган ва маҳаллий аҳоли билан алоқа қилган.

Бундан ташқари, Москвадагилар Украина янги йилдан россияликларнинг ўз ҳудудида ҳаракатланиши бўйича янги қоидалар жорий этмоқчилигига эътибор қаратди. 

Украина ТИВ эса шундай жавоб қайтарди: «Россиянинг бу мислсиз қадамини навбатдаги провакация сифатида баҳолаймиз, бу ҳаракат Минск келишувига зарар келтиришдан ўзга нарса эмас, бу ҳаракат бизнинг давлатимизга қарши қуролли агрессия оқибатлари учун масъулиятдан қочишдир».

СЦКК тугатилдими?

Фото: Getty Images

«Россияликлар Киевни Донецк ва Луганск билан тўғридан-тўғри алоқа қилишга мажбурламоқчи бўлишди. Бунинг учун уларга Марказ фаолияти тугатиб, россияликлар марказда фронтдаги барқарорликни таъминловчи асосий фактор эканликларини кўрсатиб қўйиш керак эди», дея ҳисоблайди Михаил Жирохов.

Унинг қўшимча қилишича, «Россия қўшма марказ таркибида бўлмаса, унинг мавжудлигидан маъни йўқ».

Бундай нуқтаи назарни Украина томонидан Минскдаги музокаралар иштирокчиси Евгений Марчук ҳам қўллаб-қувватлаган.

«Россияликлар қисми СЦККдан чақириб олиниши бу тузилманинг тугатилишини англатади», дея ёзган у фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Музокараларда Украина номидан қатнашган яна бир вакил Ирина Геращенко «асирларни озод этиш жараёни якуний босқичга кирган паллада» вазиятнинг бундай ўзгаришидан хавотир билдирган.

Асирларни алмашиш бўйича аниқ кун ҳозиргача белгиланмаган. Бундан аввалроқ томонлар бу масалани янги йил байрами кунига қадар ҳал қилиб олиш истагини билдирганди.

Россияликларнинг Минск музокараларидаги вакили қайд этади: айнан Киевнинг СЦКК бўйича позицияси Минск келишуви жараёнига хавф туғдираётганди.

«Россия фуқароларининг Украинага кириши бўйича репрессив тартиб қўлланиши расмий Киев Минск келишувига амал қилишни истамаслигини кўрсатди... Ишонишни истардимки, расмий Киев ўз ҳаракатлари бемаврид ва зарарли эканини тушунади», деган Россиянинг Минск музокараларидаги мухтор вакили Борис Гризлов.

Бу вақтда «ЛХР» марказда россияликлар ўрнини тўлдириш истагини билдирди.

«Агар Украина қандайдир ён берса, масалан, Марказда «ЛХР» ёки «ДХР» вакиллари бўлишига розилик билдирса, бу ҳолда Россия ўз зобитларини қайтариши мумкин. Украина буни истамайди, демак Марказ фаолияти давом этиши эҳтимолдан узоқ. Фақат ЕХҲТ қолмоқда», деган Жирохов.

Вазият кескинлашуви

Фото: Донецк области полицияси

СЦКК бўйича баёнотлардан кейин Донбассда вазият кескинлаша бошлади.

Хусусан, Светлодардаги Новолуганск аҳоли пункти ўққа тутилди.

АТО штабидагилар бу қишлоқни «ДХР» ҳарбийлари «Град»дан ўт очганини айтишди. Бу узоқ вақтдан буён илк марта реактив артиллерия қўлланиши бўлган.

Фото: ukrinform.ru

Бу ҳужум оқибатида ўнлаб уйлар зарарланган, жумладан, болалар боғчаси, мактаб биноси, тиббиёт муассасаси ва газ қувури.

Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ, аммо 8 киши, жумладан, бир чақалоқ жароҳатланган.

«ДХР» томони эса ҳужум содир бўлган вақтда, душанба куни Украина армиясининг оғир артиллерияси Новолуганскда жойлашган бўлганини маълум қилди. 

Икки томон ҳам бир-бирини провакацияда айблашда давом этмоқда. Бу эса бундай ҳаракатлар келгусида ҳам давом этишини билдиради.

Ҳарбий эксперт Михаил Жирохов ҳарбий ҳаракатлар янгидан бошланиб кетишини тахмин қилмоқда: «Ўтган йиллардаги воқеалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 25 декабрь куни яна ўт очилади. Кейин «Рождество сулҳи» тузилиши мумкин. Кейин бу сулҳга 10 январга қадар амал қилишади».

Шу билан бир вақтда у фронтнинг бир неча нуқталаридагина вазият ёмонлашишини прогноз қилмоқда. «Кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар тикланиши эҳтимолдан йироқ - томонлар ҳозирча уруш учун етарлича кучга эга эмас».

Таҳлилчи СЦКК тузилмаси тугатилиши Донбассда тинчликка эришиш имкониятларини йўққа чиқаришини таъкидлайди.

ЕХҲТ мониторинг миссияси эса охирги ойда Донбассдаги ўт очишлар ҳажми шу йил бошидан буён рўй берган ҳужумлар сонига тенглашганини қайд этди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид