Спорт | 14:09 / 21.12.2017
18622
7 дақиқада ўқилади

«Манчестер Юнайтед» кимга ютқазди?

«Манчестер Юнайтед» Англия Лигаси кубогининг чорак финалида Чемпионшип вакили «Бристол Сити»га 1:2 ҳисобида ютқазиб, турнирни тарк этди.

Бундай натижа манчестерликлар учун сюрприз эмас. Фергюсондан кейинги даврни оладиган бўлсак, Луи ван Гаал ўзининг ҳар икки мавсумида қўйи лига вакилидан мағлубиятга учраган. Аввалига «Милтон Кейн Донс»дан 0:4 ҳисобида оғриқли мағлубият қабул қилинган бўлса, кейинги йили «Милдсбро» «Олд Траффорд»да пенальтилар сериясида муваффақият қозонган. Ўтган мавсумда эса, аксинча, Жозе Моуриньо шогирдлари якунда ушбу турнир ғолиби бўлди.

Таркибда ўтган ўйинга нисбатан 10 ўзгартириш қилган бўлса-да, Моуриньонинг атайлаб ютқазишни истаганини айтиш қийин, ахир майдонда Погба, Ибраҳимович, Рэшфорд, Марсиял каби футболчилар тўп сурди – чемпионшип жамоаси устидан ғалаба қозониш ва «Манчестер Сити» билан ярим финалда ўйнаш учун етарли таркиб. Бошқа тарафдан эса, бир неча турнирларда қатнашаётган жамоа учун «Арсенал», «Челси», «Манчестер Сити» билан навбатдаги кубок учун баҳслашиш ортиқчалик қилар балки. Ўтган мавсумнинг бу вақтида «МЮ» турнир жадвалида анча пастга тушиб кетган, Лига кубоги қайсидир маънода юпанч вазифасини ўтаганди.

Жозе Моуриньо учун эса, Англиядаги фаолияти давомида бундай (қўйи лига клубидан) мағлубият иккинчисидир. 2015 йилда у Лондоннинг «Челси» жамоаси билан Англия кубогида «Брэдфорд»га ютқазиб қўйганди. Тўғри, ўтган йили ҳам «Ҳалл Сити» «МЮ»ни мағлуб этган, аммо ўша тўқнашув икки ўйиндан иборат бўлган ва «МЮ» якуний ҳисобда устун эди.

«Сити» ёки «Челси»га ҳам бу соврин керак бўлиб қолганини айтиш қийин. Биринчидан, бу жамоалар ҳам аралаш таркибларда ўз ўйинларини ўтказдилар, иккинчидан, февралда ЕЧЛнинг муҳим палласи олдидан, улар ҳам бу турнирга панжа ортидан қарашса керак.

Буларнинг барчаси «Бристол Сити»нинг қаҳрамонликларига соя солмайди, зеро юқорида таъкидланганидек, уларга рақиб сифатида анчагина жиддий футболчилар майдонга тушди.

«Уларнинг озгина омади келди» – таъкидлаб ўтди Моуриньо – «аммо улар бунинг учун курашдилар. Ҳамма биздан гол кутаётганди, аммо «Бристол Сити» ажойиб ўйин кўрсатди, футболчилар худди ҳаётларидаги сўнгги баҳсдек ҳаракат қилишди. Балки шундай бўлгандир. Менинг шогирдларим учун эса, бу худди офисдаги навбатдаги кун эди, назаримда. Шунинг учун баъзилар ишлашни ҳам исташмади. Умуман олганда, футбол учун бу жуда яхши кун, байрам, ахир қуйи лига вакили ярим финалга йўл олди».

Яна бир фактни алоҳида таъкидлаш керак. Ушбу турнирда «Бристол» энг бошидан бери фақат АПЛ жамоаларини мағлубиятга учратиб келмоқда. Аввалига «Уотфорд», кейинги босқичларда «Сток Сити» ва «Кристал Пэлас» устидан ғалаба қозонилган. Кечаги ғалаба тўртинчисидир. Бундай ҳодиса Англияда 26 йилдан буён рўй бермаганди.

Яна бир ҳолат ушбу ғалабанинг қадрини оширади. Йил бошида бош мураббий Ли Жонсон истеъфо чегарасида қолган, жамоа 19 ўйиндан 15тасини ютқазганди. Қаторасига саккиз ўйинда мағлубиятга учралган сериялар бўлган. Бунинг қўшимчасига мураббий ҳужумчи Мэтти Тэйлорнинг трансфери учун жамоанинг ашаддий душмани бўлган «Бристол Роверс» фанатлари томонидан таҳдидга учраганди. Бу шунчалик жиддий эдики, интернетда Жонсоннинг уй манзили эълон қилинди, мураббий маълум муддат оиласини бошқа жойга кўчириб туришга мажбур бўлганди.

Клуб раҳбарияти Ли Жонсонга ишонишда давом этди ва аста-секин ишлар ижобий томонга яхшиланиб борди. Мавсум охирида «Бристол» 4 ғалабага эришди ва лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Ҳозир эса, жамоа АПЛга чиқиш учун даъвогарлардан бири. Масалан, ВВС Ли Жонсон жамоаснинг ўзига хос услуби шакллангани ҳақида ёзмоқда – юқори прессинг ва ҳужум чизиғидаги жуда фаол ўйин.

«Манчестер Юнайтед» устидан қозонилган ғалаба, айниқса, ўйин охирида урилган гол – тарихий воқеа, бир неча авлод ёдида қолади» – дейди яқиндагина истеъфо остонасида турган, ҳозир эса, Бристолда салкам тангрига тенглаштирилаётган Ли Жонсон. Ғалаба голидан кейин у тўп етказиб бериб турувчи болакайни кўтариб олди ва ҳавода айлантира бошлади.

«Мен нима қилишимни билмадим. Югуриб бориб голни шогирдларим билан нишонламоқчи бўлдим. Қарасам, ён атрофда болбой турибди, ундан бошқа ҳеч ким йўқ. Мен уни ушлаб олдим», – дея бу ҳақида тушунтириш берди мураббий.

Ўша куни Жонсонда ғалаба қозонишдан ташқари, яна бир режаси бўлганди. Жозе Моуриньо билан беш дақиқа бирга ўтириб, вино ичиш.

«Мен бир бутилка вино учун 450 фунт сарфладим. Қизчамнинг пул сақлайдиган идишини синдиришга тўғри келди», – деб ўйиндан олдин ҳазиллашганди Жонсон, - вино Португалиядан келтирилди. Биз суриштириб, Жозега айнан шу вино ёқишини аниқладик. Умид қиламанки, биз бироз гаплашамиз».

Жозе Моуриньо ўйиндан сўнг, стадионда йўқолиб қолди. Катта эҳтимол билан Жонсон ўз орзусига етиша олмади. Аммо нариги орзунинг амалга ошганини эътиборга олсак, мураббийнинг ўзи ҳам бундан у қадар хафа бўлмагани аниқ.

БРИСТОЛ СИТИ (БРИСТОЛ, АНГЛИЯ)

1897 йилда ташкил топган.

Стадион: Аштон Гейт. 27 минг томошабинга мулжалланган.

Клуб эгаси: Стивен Лансдаун

Мураббий: Ли Жонсон

Жамоа сардори: Бейли Райт

Энг яхши натижаси: 1906/07 мавсумида 1-дивизионда 2-ўринни қўлга киритган.

1908/09 Англия кубоги финалига чиққан ва у ерда «Манчестер Юнайтед»га 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган.

1975-79 йилларда ҳам Англия чемпионати юқори дивизионида тўп сурган. Энг юқори натижаси: 13-ўрин. 

Ҳозирда «Бристол Сити» Чемпионшипда 22 ўйиндан 12 ғалаба, 7 дуранг ва 3 мағлубият билан «Вулверҳэмптон» ва «Кардифф»дан кейин, 3-ўринда бормоқда. Лигада дастлабки 6 ўринни эгаллаган жамоаларда АПЛга чиқиш учун имконият бўлади.

Мавзуга оид