Ўзбекистон | 21:50 / 09.01.2018
14458
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек театрлари фаолиятида катта ўзгаришлар кутилмоқда

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси "2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорини тақдим этди.

Қарорда 2018-2022 йилларда давлат театрлари фаолиятини янада такомиллаштириш, янги театрлар биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ҳақида сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат театрларининг ишлаб чиқиладиган янги концепциялари ташриф буюрувчилар, хусусан, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сайёҳларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, архитектура-режалаштириш, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир театр биноси эскиз-лойиҳасини театр йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

2019 йилнинг 1 декабрига қадар Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Маданият вазирлиги уч ой муддатда соҳага оид малакали мутахассислардан иборат эксперт гуруҳни шакллантиради ҳамда бугунги замон талаби ва хорижий илғор тажрибаларни инобатга олиб, ҳар бир давлат театрининг индивидуал концепцияси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат театрлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари бўйича - Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури доирасида марказлашган маблағлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
  • имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳар бир давлат театрида юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини тананнум этувчи, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи, аҳоли, оила муносабатлари, айниқса ёшларни ватанпарварлик, фидойилик каби ғоялар асосида тарбияловчи бадиий юксак саҳна асарлари, давр билан ҳамнафас яшаётган, ҳаёт синовларида тобланган инсонлар, ибрат бўла оладиган замон қаҳрамони образини ифодаловчи спектакллар қўйиш учун давлат буюртмаси берилади.

Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида янги давлат театрлари бинолари қад кўтаради.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида ходимларнинг иш вақти ҳисобини, чипталар ҳисоби ва ҳисоботини юритишга доир электрон дастурий таъминотни ҳамда интернет тармоғи орқали чипталарни электрон усулда сотиш тизимини жорий этишга доир таклифлар киритиш режалаштирилган.

Шунингдек, соҳадаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида тармоқ марказида маданият ва санъат соҳаси педагог, раҳбар, ижодий ҳамда овоз ва ёритиш бўйича техник ходимлар учун муайян тўловлар асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишга доир махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Мавзуга оид