Спорт | 15:46 / 12.01.2018
21134
9 дақиқада ўқилади

Анонс. Ҳафтанинг асосий ўйинлари

Италия А Серияси бу ҳафта дам олади, Бундеслига эса, қисқа танаффусдан кейин навбатдаги тур ўйинларига старт бермоқда.

Кубок ўйинларида майдонга тушиб, бироз «тин олиш»га ҳам имкон топа олмаётган Испания ва Англия жамоалари ҳам эртадан яна чемпионат ўйинларида майдонга тушади. Бизни кутиб турган дам олиш кунларида эътиборга молик ўйинлари ҳақида ҳеч қачон дам олмайдиган «Tribuna.uz» ҳикоя қилади.

БАЙЕР – БАВАРИЯ (12 январдан 13 январга ўтар кечаси, 00:30)

Қисқа танаффусдан сўнг, бугундан Бундеслига ҳам иккинчи давра ўйинларини бошлайди. Турнирнинг яққол пешқадами «Бавария» энг яқин таъқибчисидан 11 очко илгарилаб кетиб бўлган бўлса-да, бугунги рақиб анча принципиал ва ўйин жуда қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ.

Шунингдек, «Бавария» «Байер» майдонида 4 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётгани, сўнгги уч ўйинда эса, умуман гол ура олмаганини эътиборга олсак, ўйиннинг шиддатли бўлишини кутиш мумкин. Мюнхенликлар ўйинида танаффусдан олдин бироз пасайиш кузатилган, жамоа охирги 4 ғалабасини минимал ҳисобда қўлга киритганди. Аммо давралар орасидаги йиғинда спарринг рақиблар дарвозасига икки ўйинда 7 гол уришди. Балки Ҳайнкес шогирдлари яна сермаҳсуллик режимига қайтишгандир?

ЧЕЛСИ – ЛЕСТЕР (13 январь, 20:00)

Сўнгги икки мавсумдаги АПЛ чемпионлари ўртасидаги баҳс кўпчиликда қизиқиш уйғотса керак. Зеро бу жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйини ҳам жуда муросасиз кечган, меҳмонлар 2:1 ҳисобида устун келганди.

«Лестер» ноябрь ойини жуда кучли ўтказиб, қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозонганди, аммо кейинги ўйинларда пасайиш рўй берди ва 5 ўйиндан атиги 1 ўйинда ғалаба қозонди холос. Албатта, бу паллада лестерликларга «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» каби клубларнинг рақиб бўлганини ҳам унутмаслик керак.

«Челси» эса, сўнгги икки кубок ўйинида бир хил 0:0 ўйнади. Конте шогирдларининг чоршанба оқшомида Лига кубоги ярим финалида «Арсенал»га қарши ўйин ўтказгани ушбу тўқнашувда жамоа ўйинига салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли бор. Чунки рақибидан фарқли равишда «Лестер» бир ҳафта дам олиш имконига эга бўлди. Йил охиридаги зич тақвимдан сўнг бу танаффус ҳар қандай жамоага катта ёрдам беради.

Шунингдек, бу ўйинда собиқ лестерчилар – Канте ва Дринкуотер жуфтлиги «Лестер»га қарши қандай ўйин кўрсатишлари ҳам қизиқ.

РЕАЛ – ВИЛЬЯРЕАЛ (13 январь, 20:15)

Мадриднинг «Реал» клуби ушбу мавсумда унга сал жиддий қаршилик кўрсатган клуб борки, очко йўқотмоқда. Бир томондан ўсиш бор, мавсум бошида мадридликлар «Сантьяго Бернабеу»да ғалаба қозонишга қийналган бўлса, сўнгги пайтларда Мадридда барқарор ўйнай бошлашди. «Барселона» билан ўйин ҳисобга олинмаса, мисол учун, «Севилья» дарвозасига киритилган жавобсиз беш тўп ҳам буни исботлайди.

Таркиб жиҳатидан Европанинг энг зўр жамоаларидан бири бўлган «Реал» ўз ёғида ўзи қовурилишда давом этмоқда ва ҳали ўз ўйинини топа олмагандек. Гоҳ Бенземанинг ёки Бэйлнинг бирор суперюлдузга алмаштирилиши, гоҳ футболчиларнинг Роналду билан муносабатлари кескинлашгани ва ҳатто гоҳида Зиданнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тинмаяпти. Мадридда ўзининг учинчи мавсумини ўтказадиган ҳар қандай мураббийнинг қисмати шу – ўтган даврда қанча соврин ютганингизни ҳам қизиғи йўқ булар учун.

«Вильяреал» 28 очко билан «Реал»дан атиги 4 очко кам жармғарган ва кучли тўртлик учун курашиши мумкин бўлган жамоалар сафига киради.Табиийки, Зидан шогирдларига «Вильяреал» ҳимоясини ёриб ўтиш осон бўлмайди. «Сельта» ва «Валенсия»га қарши сўнгги сафар ўйинларида жамоанинг 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам буни кўрсатиб турибди.

ТОТТЕНҲЭМ – ЭВЕРТОН (13 январь, 22:30)

Мавсум бошида лондонликлар Ливерпулда осонлик билан ғалаба қозонганди, аммо бугунги «Эвертон» бироз фарқлидир. Жамоа «Челси», «Ливерпуль» каби жамоаларга қарши ўйинларда ҳам мағлубиятга учрамасликнинг уддасидан чиқди, умуман «Эвертон» ушбу мавсумда «Этиҳад»да мағлубиятга учрамаган ягона клуб эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

То 30 декабрда «Бормунт»да мағлуб бўлгунча, «Эвертон» Сэм Эллардайс қўл остида мағлубиятсиз ўйинлар ўтказаётганди. Шундан сўнг, «МЮ»дан ҳам мағлуб бўлинди, Англия кубогида «Ливерпуль» билан дуранг сақлаб қолинмади, айтиш керакки, Эллардайс жамоаси вақтинчалик инқирозни бошдан кечирмоқда. Жамоанинг Бейнс, Коулман, Кин каби етакчи ҳимоячилари, айниқса, марказда жуда катта ишларни бажарадиган Идрис Гайенинг жароҳат олганликлари мураббийга ортиқча бош оғриғи туғдиргани табиий.

«Тоттенҳэм» эса, ажойиб ўтказилган «боксинг дэй»ларни январнинг бошида, ўз майдонида «Вест Ҳэм» билан ўйиндаги кутилмаган дуранг билан «ювиб юборди». Кучли тўртлик учун курашаётган Почеттино шогирдларида «Ливерпуль»га яқинлашиш учун жуда яхши шароит пайдо бўлган.

ЛИВЕРПУЛЬ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (14 январь, 21:00)

Сабаби, «Ливерпуль» ўз майдонида турнир пешқадамини қабул қилади. Коутиньосиз қолган, аммо ҳимоя чизиғини Виржийл ван Дейк билан тўлдирган ливерпулликлар биринчи даврадаги йирик (0:5) мағлубиятнинг қасосини олишга уриниб кўрадилар.

«Манчестер Сити»нинг ҳолати худди «Челси»ники каби, рақибига нисбатан бироз ҳорғин кўриниши мумкин. Жамоа Англия кубогида бироз енгилроқ рақиб билан ўйнаган бўлса-да, осон кечмади. Гвардиола деярли барча етакчиларини майдонга туширишга мажбур бўлди ва фақат сўнгги дақиқалардаги гол туфайлигина ғалаба қозонди.

Гвардиола мавсум давомида барибир бир кун мағлубиятга учралиши ҳақида қанча гапирмасин, меҳмонлар мағлубиятсиз серияни давом эттириш ва «Арсенал»нинг рекордини такрорлашга уриниб кўришлари табиий. Мураббий учун турнир жадвалидаги очко фарқлари ёки бошқа стратегиялар муҳим эмас, Пеп учун ҳар бир ўйин бир жараён ва ривожланиш йўлидаги бир қадам эканини унутмайлик. Бу нуқтаи назардан, «Манчестер Сити» ушбу ўйинга максимал даражада жиддий ёндашиши шубҳасиз.

«Ливерпуль» учун эса, очко сув ва ҳаводек зарур. 4-ўринда бораётган Клопп шогирдлари «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»ни узоққа қўйиб юбормаслиги керак. Шунингдек, орқадан келаётган жамоалар ҳам у қадар узоқда эмас.

«Манчестер Сити» Мендини қўшмаганда, фақат Жезус ва Компанининг хизматларидан фойдалана олмайди. «Ливерпуль» сафида эса, бундай футболчилар кўпроқ – ҳаммасидан ҳам, Муҳаммад Салоҳнинг ҳолати ва майдонга тушиш ёки тушмаслиги ҳали ҳам сўроқ остида.

РЕАЛ СОСЬЕДАД – БАРСЕЛОНА (14 январдан 15 январга ўтар кечаси, 00:45)

Кучли бешликдаги жамоалар ичида барча мусобақаларда ҳали бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона клуб «Барселона»нинг навбатдаги сафари осон бўлмаслиги тайин. Зеро «Эстадио Аноета» каталонияликлар учун энг ноқулай стадионлардан биридир. «Барселона» бу ерда 2007 йилдан бери Ла Лига учрашувида ғалаба қозона олмай келмоқда, бу даврдаги ўйинларнинг 5тасида мезбонларнинг қўли баланд келган. Роппа-роса бир йил олдинги «Барселона»нинг ғалабаси эса, Испания кубоги доирасида кечганди.

Дарвоқе, Испания кубогида Валверде шогирдлари «Сельта» устидан чиройли (5:0) ғалабага эришдилар ва чорак финал иштирокчисига айландилар. «Сосьедад» жуда катти зичлик ҳосил қилган Ла Лига ўртамиёналари вакилларидан бири, яъни уларни 5-ўрин билан ҳам, хавфли зона билан ҳам атиги 6-7 очко ажратиб турибди холос.

Демак, турнир нуқтаи назаридан ҳам, ўн йилдан бери бузилмай келаётган анъаналар жиҳатидан ҳам, басклар «Барселона»га қарши навбатдаги кучли ўйинини ўтказишларига шубҳа йўқ.

БОШҚА ЎЙИНЛАР:

13 январь: «Эйбар» – «АТЛЕТИКО» (22:30)

14 январь: «Бормунт» – «АРСЕНАЛ» (18:30), «БОРУССИЯ» – «Волфсбург» (22:00), «Нант» – «ПСЖ» (14 январдан 15 январга ўтар кечаси, 01:00)

15 январдан 16 январга ўтар кечаси, 01:00: «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – «Сток Сити».

Мавзуга оид