Жамият | 13:52 / 16.01.2018
36765
5 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар газ идорасида тартиб борми?

Фото: KUN.UZ

Таҳририятга келган арзномани ўқиб, зудлик билан танқидий мақола ёзиш ниятида бўлмаймиз. Андижон шаҳар, Деҳқонобод маҳалласидан юборилган мурожаатларни ўрганиш асносида, шаҳар газ идораси билан кўп бора боғланиб, мақола чоп этилмасдан ижобий чора кўрилишини кутдик. Афсуски, ҳеч қандай натижа бўлмади.

Андижон шаҳридаги Деҳқонобод маҳалласи, М. Солиев 4,5,6 тор кўчалари 2011-йили табиий газ таъминотидан узиб қўйилган. Бизга 5- тор кўчада истиқомат қилувчи аҳоли мурожаат қилган бўлиб, мазкур кўча фуқаролари қишнинг совуқ кунларида хонадонларини иситишга қийналаётганини баён қилишган.

Ўша жойга бориб муаммони таҳлил қилганимизда шуниси аниқ бўлдики, кўча ва Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идораси ўртасидаги ҳолат умуман чигал вазиятда экан.

“Кўчамиз 2011- йили табиий газ тармоғидан узилганлиги сабабини аниқламоқчи бўлиб, Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идорасига хат билан чиқдик. Вилоят шаҳар газ идорасига қилинган мурожаатларимиз бўйича, Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идораси Андижон шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил, 20 май кунги йиғилиш баёнига асосан кўчамизни тармоқдан узоқлиги сабаб, суюлтирилган газ таъминотига ўтказилганини билдирди”, дейилади мурожаатда.

Буни қарангки, газ идораси М. Солиев 5- тор кўчага нисбатан мажлис баёнида ёзилган бандларни амалга ошириш билан умуман шуғулланмаган. Юқорида келтирилган шаҳар ҳокимлиги мажлис баёнининг бандларида филиал томонидан МФЙлар кесимида табиий газ етиб бормайдиган аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар рўйхатини маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқлатиш, уларни жорий йил охиригача ойма-ой суюлтирилган газга ўтказиш бўйича графиклар ишлаб чиқилишини таъминлаш, шаҳар бўйича ёз ва қиш мавсумларида газ танқислиги ва етиб бормайдиган ҳудудлардаги аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг босқичма-босқич тармоқдан узилиши ва захира ёқилғиси билан таъминланиши тўғрисида тушунтириш, тарғибот-ташвиқот олиб бориш вазифаси белгиланган. Аммо, ўша табиий газ етиб бормайдиган ва суюлтирилган газ билан таъминланиши керак бўлган аҳоли рўйхатида 5-тор кўча йўқ эди.

Аҳоли шундан келиб чиқиб, кўчанинг табиий газдан узилишини ноқонуний деб ҳисобламоқда. Чунки, газ таъминоти идорасининг мутахассислари юқоридаги ҳолатни ўрганиб, ўзларида ҳақиқатдан ҳам шундай ҳужжат йўқлигини билдиришди. Шундай қилиб, 5- тор кўчада табиий газ узилган бўлса-да, кўча суюлтирилган газга ўтганлар қаторида мавжуд эмас. Эътиборингизга, газ идораси томонидан 2017 йилнинг 25 декабр санасида тақдим этилган ўша ҳужжатни ҳавола этамиз.

Ўтган йиллар давомида қилинган мурожаатлар эса натижа бермади. М.Солиев кўчасидаги 1 ва 3 тор кўчалар, бошқа қўшни кўчаларга табиий газ етказиб берилмоқда. Аммо ўртадаги тор кўчаларда яшовчи 100 та хонадон тармоқдан узилган. Наҳотки, газ идораси таҳлил ва жадвалларсиз иш олиб бориб, аҳоли арзларини ҳал этишни ўйламаса?

Аҳоли хонадонда фойдаланиш учун газ баллонлари сотиб олгани билан газ идораси баллонларни икки-уч ойда бир маротаба, минг тўполонлар билан тўлдириб беряпти.

Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғини идорасида бўлиб, ҳолатни ўрганганимизда ҳудудда 8150 нафар аҳоли яшаши, хонадонлар сони 1750 та эканлигини билдиришди. 2017-йил давомида эса газ идораси томонидан хонадонларга жами 50 донагина газ баллонлари берилибди, холос.

Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идораси бошлиғи Акмалжон Сотволдиев юқоридаги муаммоларни ўрганишга ваъда берган бўлса-да, ҳеч қандай натижа бўлмади.

А. Сотволдиевга бундан икки ой олдин шаҳардаги 8- сон маҳалласида яшовчи фуқаронинг табиий газдан 2 миллион 688 минг ҳаққи бўлса-да, газ идораси МИБ ташкилотига уни қарзи борлар қаторидаги рўйхатга қўшиб чиқаргани ҳақидаги мурожаатини ҳам етказган эдик. Ўша фуқарога ҳам ҳеч қандай амалий ёрдам берилмади..

Агар газ идорасида иш юритиш тартиби бўлганида ҳар бир шикоятни ўз вақтида ўрганиб, жавоб берган бўлар эди.

Наҳотки, мутасадди фуқаролар мурожаатини тезкорлик билан ҳал қилиш энг долзарб вазифаси эканлигини тушунмаса?

KUN.UZ нашри мутасаддилардан юқоридаги ҳолатлар бўйича жавоб кутиб қолади.

Мавзуга оид