Жаҳон | 16:23 / 19.01.2018
10209
3 дақиқада ўқилади

100 метрли миноралар Хитой ҳавосини смогдан тозалайди

Фото: South China Morning Post

Сиан (Шэньси провинцияси)даги 100 метрли ҳаво тозаловчи минора бу йўналишдаги дунёдаги энг ноёб ва баланд объект ҳисобланади. Дастлабки тадқиқотлар давомида унинг ҳаводаги ифлосликни 15 фоизга қисқартиришнинг уддасидан чиққани аниқланди. South China Morning Post шу ҳақида хабар берди.

Сиань шаҳридаги 100 метрли ҳаво тозаловчи минора Хитой Фанлар академиясининг махсус лойиҳаси доирасида қурилган. Олимларнинг сўзларига кўра, у шаҳарни жойлашувига қараб 10 километр радиусда смогдан тозалашга ёрдам беради. Минора қурилиши 2015 йилда бошланган, асосчиларнинг сўзларига кўра, у бу турдаги дунёдаги энг баланд ва ноёб минора ҳисобланади. Лойиҳа қиймати ошкор этилмаган.

Тизим футбол майдонининг ярмига тенг келадиган ҳудудда жойлашган минора атрофидаги иссиқхоналар ёрдамида ишлайди. Ифлосланган ҳаво иссиқхоналарга тортилади ва қуёш энергияси ёрдамида исийди. Қайноқ ҳаво минорага келиб тушади ва кўп босқичли тозалаш тизимларидан ўтиб, юқорига кўтарилади. Шундан сўнг қайтиб атмосферага чиқади.

Тажрибанинг илк бир неча ойида минора 10 миллион куб метр ҳавони тозалади. Олимлар жамоаси минора атрофидан 10 километр радиусда кўплаб ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатди. Улар ифлослик даражасининг 15 фоизга қисқарганини кўрсатмоқда. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Цаол Юньцзининг сўзларига кўра, ҳатто энг тутунли кунларда ҳам смогни меъёрий даражага келтиришга муваффақ бўлинган. Бу вақтинчалик натижалар, зеро тажриба ҳали давом этмоқда. Тадқиқотчилар март ойида объект самарадорлигининг тўлиқ илмий баҳосини ўз ичига олган батафсил ҳисоботни тақдим этишни режалаштиришмоқда.

Агар тажриба муваффақиятли ўтса, Хитойнинг кўплаб шаҳарларида шундай миноралар қурилади. Минора баландлиги эса беш каррага оширилади: баландлиги - 500 метрга, диаметри эса - 200 метрга. Ҳар ҳолда 2014 йилги патент аризасида шундай рақамлар кўрсатилган. Шундай бўлган тақдирда, иссиқхоналар 30 километр квадрат ҳудудда жойлашади ва объектлар шаҳар ҳавосини тўлиқ тозалай олади. 

Ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида Хитой темир рудаси қазиб олиш лицензияларининг учдан бирини бекор қилмоқчи. Кампания давомида мингдан ортиқ лицензиялар қайтариб олинади. Табиат қўриқхоналари яқинида жойлашган жойларда ҳам руда қазиб олиш тақиқланади. 

Мавзуга оид