Жамият | 12:50 / 23.01.2018
14512
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси таъзия билдирди

Фото: Muftyat.kz

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий мамлакатлар мусулмонлар идоралари раҳбарлари, муфтийлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номига ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда. Хусусан, Қозоғистон мусулмонлари идораси раисидан ҳам ҳамдардлик мактуби келди, деб хабар қилмоқда ЎзМИ матбуот хизмати.  

 

“Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиали ҳодисада 50 дан зиёд ўзбекистонлик қардошларимиз қурбон бўлгани бизни чуқур қайғуга солди. Шу муносабат билан мен Қозоғистон мўмин-мусулмонлари номидан Сизга чуқур таъзия билдираман. 

Мазкур фожиали ҳодиса туфайли ҳалок бўлган ўзбекистонлик қардошларимиз ҳақига Қозоғистоннинг барча масжидларида жума намозида дуолар қилинди. Аллоҳ таолодан марҳумларни ўз раҳматига олишини сўраймиз. Ҳақ таоло бу мусибат ўрнини хайрли ишлар билан тўлдирсин”, - дейилади Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи ОРАЗ йўллаган мактубда. 

Бундан аввал Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси профессор, доктор Али Эрбош, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек ҳожи Тўхтамишев таъзия билдиргани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид