Ўзбекистон | 19:40 / 15.02.2018
5184
2 дақиқада ўқилади

Барселонада Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Ўзбектуризм

Барселонада Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти ва Тошкент-Барселона-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

15 февраль куни Барселона шаҳридаги Gallery меҳмонхонасида Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси ва Каталония туризмни ривожлантириш агентлиги қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Тошкент-Барселона-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тақдимот давомида шунингдек Ўзбекистон ва Испаниянинг етакчи туристик компаниялари вакиллари иштирокида В2В форматдаги учрашув ўтказилди.

Тадбирда Барселона шаҳри тарғибот ишлари директори жаноб Марио Руберт, Каталония Туризмни ривожлантириш агентлиги раҳбари Хавьер Эспаса, Каталония ишбилармонлар конфедерацияси вакили жаноб Хоаким Гай де Монтелла, шунингдек етакчи туристик компаниялар вакиллари ҳамда Каталония ОАВ қатнашди. 

Фото: Ўзбектуризм

Бундай юқори мартабали шахсларнинг иштироки мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бўлган катта қизиқишдан ва Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашдан далолат беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлган Испания фуқаролари учун соддалаштирилган виза режими қўлланилади, бу эса Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқими кўпайишига сабаб бўлади.

Тадбир давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини очиб берувчи видеороликлар намойиш қилинди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид