Жаҳон | 13:34 / 21.02.2018
11944
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея 5 давлат билан эркин савдо тўғрисида битим имзолади

Фото: РИА "Новости"

Жанубий Корея ва Марказий Америка давлатлари - Панама, Коста-Рика, Ҳондурас, Сальвадор ҳамда Никарагуа – чоршанба куни эркин савдо тўғрисида битим имзолади. У келаётган 10 йил давомида товарларнинг 95 фоизидан ортиғига импорт тарифларни бекор қилишни назарда тутади. Бу ҳақда Жанубий Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги хабар берган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳужжатни имзолаш маросимида Коста-Рика ташқи савдо вазири Александер Мора, Эль-Сальвадор Республикаси иқтисодиёт вазири Тарис Саломон Лопес Гузман, Ҳондурас иқтисодий ривожланиш вазири Арнальдо Кастильо, Никарагуа ривожланиш, саноат ва савдо вазири Орландо Соло, Панама савдо ва саноат вазири ўринбосари Диана Салазар ҳамда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Ким Хён Чжон иштирок этган.

Имзоланган ҳужжат аслида 2015 йилнинг июнида муҳокама жараёнига қўйилган бўлиб, Жанубий Корея ва Марказий Америка давлатлари ўртасида кенг кўламли стратегик ҳамкорликни шакллантиради, дея қўшимча қилиб ўтишган вазирликдан.

Жанубий Корея ва Марказий Америка давлатлари ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим ҳар бир иштирокчи мамлакат парламенти томонидан ҳужжат тасдиқлангач кучга киради.

Жанубий Корея томони Марказий Америка мамлакатлари таклиф этиши мумкин бўлган табиий ресурслардан манфаатдор. Улар эса, ўз навбатида, Жанубий Корея сармояларини жалб этиш ва Жанубий Корея бозорида маҳсулотларни илгари суришга ҳаракат қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид