Ўзбекистон | 17:51 / 23.02.2018
14449
2 дақиқада ўқилади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея ва Россияда ўз ваколатхоналарини очади

Фото: KUN.UZ

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2018 йилда Корея Республикаси ва Россия Федерациясида ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирган. KUN.UZ мухбири 23 февраль куни Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Самарқандда 2017 йилда Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни мослаштириш ва ўқитиш маркази очилди. 2018 йилда худди шу марказни Фарғона шаҳрида очишга доир ишлар олиб борилмоқда. 

Агентлик шунингдек 2018 йилда Россия, Корея Республикаси, Польша билан ҳамкорликни кучайтириш, Қозоғистон, Германия, Туркия, БАА, Уммон султонлиги билан ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган.

Тадбирда маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўтган 2017 йилда 2613 нафар фуқарони Корея Республикасига юборган, 2710 нафар номзод эса корейс тилидан тест синовидан ўтган ва уларга иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси йўлланган. Таъкидлаш жоизки Жанубий Корея томонидан Ўзбекистонга 3000 ўринлик квота берилган.

Россиянинг 24 та корхона ва ташкилотлари билан тузилган шартномаларга асосан танловлардан ўтган 922 фуқаро ишлаш учун Россия Федерациясига йўлланган. 

Бундан ташқари, 17 нафар Ўзбекистон фуқароси Японияга ташкиллаштирилган тартибда юборилиб, меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид