Ўзбекистон | 21:18 / 26.02.2018
12333
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Халқаро ёшлар оромгоҳи ташкил этилади

Фото манба: yi.uz

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, самарали ўтказиш, маънавий оламини бойитиш ҳамда дунёқарашини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган қарорини тақдим этди. 

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига тегишли Термиз шаҳар, "Гулистон" маҳалласи, Фидокор кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган болалар оромгоҳи Ўзбекистон ёшлар иттифоқига шартнома асосида текинга фойдаланиш учун берилади. 

Ушбу оромгоҳда ҳар йилги ёз мавсуми давомида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши ташкил этилади. Қолган мавсумларда оромгоҳда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокида турли тадбирлар, фестиваллар, анжуманлар, семинар ва бошқа машғулотлар ўтказилади. 

Оромгоҳни ҳар йили 20 майга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ёз мавсумига тайёр ҳолда тақдим этиш керак бўлади. 

Мазкур оромгоҳга жалб этиладиган болалар унинг атрофида жойлашган аттракционлар, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва спорт майдончаларидан фойдаланиш имконига эга бўлишади. 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги оромгоҳнинг йил давомида фаолият юритишини сифатли ташкил этиш мақсадида электр энергияси, табиий газ, сув, коммунал-маиший хизматлар узлуксиз равишда кўрсатилишини таъминлайди. 

Қарор ижроси Бош вазир ўринбосари - молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига ҳамда Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди. 

Қарорнинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги сайтида танишишингиз мумкин. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид