14:23 / 05.03.2018
44355

Ватан ичидаги 3 оила ватансиз қолиши мумкин

KUN.UZ сайти таҳририятига Тошкент шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси 16-уйда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилди. Улар яқин орада бошпаналаридан айрилиб, уйсиз қолиш эҳтимоли борлиги сабабли муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишни сўрашди. Биз гап нимада эканлигини аниқлаш мақсадида 78-хонадонда яшовчи А.Якубов, 104-хонадонда яшовчи А.Бакиев, 180-хонадонда яшовчи Г.Ражабовалар билан учрашдик.  

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Ш.Рашидов кўчаси 16-уйнинг 78-, 104- ва 180-хонадонларини харид қилиш бўйича дастлабки шартномаларни тузиб, у бўйича маълум миқдорда пул тўлаган фуқароларнинг кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини нотариал тартибда расмийлаштириш масаласи бир неча йилдан чўзилиб келмоқда. 

Фото: KUN.UZ
Фото: KUN.UZ

Жумладан, “MANUFACTURING STRATEGY” МЧЖ қурилиш ташкилоти билан Ш.Рашидов кўчаси 16-уйнинг 78-хонадонини сотиб олиш бўйича 10.04.2014 йилда №6-04/14-сонли, 180-хонадонни сотиб олиш бўйича 24.03.2014 йилда №4-03/14-сонли, 104-хонадонни харид қилиш бўйича №26/04-14 сонли дастлабки шартномалар тузилган. 

 Ушбу шартномаларга мувофиқ, харидор томонлар шартномаларда кўрсатилган хонадон нархларининг 15 фоизини 10 кун ичида, қолганини 90 кун ичида тўлашлари шарт бўлган. Шунга кўра, А.Якубов “MANUFACTURING STRATEGY” МЧЖ ҳисоб рақамига сотиб олинаётган хонадон уммий қийматидан 70 млн сўмини (15 фоизидан кўпроғи) тўлаган бўлса, 27.03.2014 йилда М.Эгамберганова томонидан 30 млн сўм, А.Бакиев ҳам 12.04.2014 йилда 30 млн сўм пул тўлаган. 

Бироқ хонадонни харид қилиш истагидаги фуқаролар шартноманинг кейинги талабини бажара олишмаган. Бунга “MANUFACTURING STRATEGY” МЧЖнинг директори Б.Р.Ҳусамитдинов ва ташкилотнинг бошқа мансабдор шахсларига нисбатан 2014 йил 15 апрелда жиноят иши қўзғатилганлиги ҳамда МЧЖнинг ҳар қандай банк операцияларини амалга ошириш тўхтатилганлиги сабаб бўлган. Бунинг оқибатида юқоридаги хонадонлар учун дастлабки тўловни амалга оширган ҳамда 90 кун ичида қолган суммани тўлашни режалаштириб турганлар кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва уйга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишган. 

Мурожаатчиларнинг айтишларича, улар МЧЖ билан тузилган шартномалар, банк орқали ўтказилган тўлов квитанциялари бўла туриб, суриштирув-тергов жараёнлари ва ҳатто суд мажлисларига ҳам чақирилмаганлар. Шу билан уларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишда имконият тақдим этилмаган. Бунинг оқибатида “MANUFACTURING STRATEGY” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан содир этилган жиноят натижасида давлатга етказилган зарар эвазига Тошкент шаҳри, Ш.Рашидов кўчаси 16-уйнинг 66 та хонадони Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 25 августдаги ҳукми билан 19 412 474 212 сўмга баҳоланиб, давлат фойдасига мусодара қилинган. 

Кейинчалик, давлат фойдасига мусодара қилинган хонадонлардан 22 таси ўз эгаларига қайтарилган. Эътиборли жиҳати шундаки, “Халқ сўзи” газетасининг 2015 йил 12 декабрдаги сонида Ш.Рашидов кўчаси 16-уйнинг 55 та хонадони кимошди савдосига қўйилиши юзасидан эълон берилган бўлса, унда А.Якубов, А.Бакиев ва Г. Ражабоваларнинг 78-, 104- ва 180-хонадонлари билан бирга жами 8 та, яъни 6, 8, 22, 24, 34, 56, 82, 113-хонадонлар қўйилмаган. Бундан ташқари 55 та хонадон бўйича умумий баҳо чиқарилиб, 14,5 млрд сўм деб белгиланган. Шундан сўнг, суд ижрочисининг талаби билан мазкур ким ошди савдоси бекор қилинган. Аммо кейинроқ, яъни “Халқ сўзи” газетасининг 2016 йил 11 майдаги сонида Ш.Рашидов кўчаси 16-уйнинг 44 та хонадони аукцион савдосига қўйилган бўлиб, А.Якубов, А.Бакиев ва Г.Ражабоваларнинг 78, 104 ва 180-хонадонлари янги рўйхатда пайдо бўлиб қолган. Қайд этиш ўринлики, ҳар бир савдо учун нарх умумий чиқарилган, хонадонларни алоҳида сотиб олиш имконияти мавжуд бўлмаган.

Эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 февралдаги 90-Ф сон фармойишига асосан ушбу уйдаги 48 та хонадон оператив бошқарув ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Фанлар академиясига тақсимланмоқда. Кўп қаватли уйдаги қолган 22 та хонадон эса “MANUFACTURING STRATEGY” МЧЖ билан тузилган даслабки олди-сотди шартномаларга асосан ўз эгаларига қайтарилган. 

Савол туғилади: шундай экан, нима учун дастлабки шартнома асосида пул тўлаган, объектив сабаблар туфайли пулларни тўлай олмаган фуқаролар А.Якубов, А.Бакиев ва Г.Ражабоваларга харид қилиш ҳамда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи борасида имконият тақдим этилмади? Улар харид қилишдан бош тортишганида ҳам бошқа гап эди. Аксинча, улар аукцион савдоларига эълон чиққанидан сўнг, хонадонларини учинчи томондан харид қилиш имконияти пайдо бўлгани сабабли “коробка” хонадонларга катта маблағ сарфлаб, капитал таъмирлашган. 

Мурожаатчиларнинг айтишларича, уйсиз қолиб кетиш эҳтимоли ва бошқа уйлари йўқлиги, қолаверса Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан шу йилнинг 15 мартига қадар муддат берилгани ва бу сананинг тобора яқинлашиб келаётгани, давлатнинг турли юқори турувчи идоралари мурожаатларига эътибор қаратмаётгани, муаммонинг ечимини топишга амалий ёрдам бериш ўрнига “протокол”дан чиқмаган ҳолда жавоб йўллаш билан чекланаётганлари туфайли уларнинг ҳаётларида ҳузур-ҳаловат ва хотиржамлик йўқолган. Ачинарлиси, бу нарса вояга етмаган фарзандлар руҳиятига салбий таъсир қилаётганидир. KUN.UZ таҳририяти ушбу муаммо ҳам ўзининг ижобий ечимини топишига ҳамда фуқаролар ўзлари орзу-ҳавас қилган хонадонларига ҳақиқий эга бўлишларига ишонч билдириб қолади. 

Top