Жамият | 16:45 / 08.03.2018
24186
3 дақиқада ўқилади

Асакалик боғбон: «Дарахтлар ҳам менинг жигарларим»

Ижодий жамоамиз Фарғона водийсига сафар давомида Андижон вилоятининг Асака тумани Арғин қишлоғида истиқомат қилиб келаётган Машъал Хушвақтовнинг хонадонида меҳмон бўлди.

Машъал ака мана 10 йилдирки боғдорчилик илми билан шуғулланиб келмоқда. У тарбиялаган ниҳоллар айни пайтда юртимизнинг турли гўшаларида қийғос гуллашга тайёр бўлиб турибди.

Фото: Kun.uz

Асли касби филолог-педагог бўлган Машъал аканинг айтишича, боғдорчиликка қизиқиш унинг қонида бор. Кўп йиллар давомида мактабда ёшларга таълим бериб келган, Машъал Хушвақт тахаллуси остида шеърлари ҳам қатор газета ва журналларда эълон қилинган ижодкор бугун бобо касби билан ҳам астойдил шуғулланмоқда.

Машъал ака тиним билмайди. Ўз ҳовлисидаги бир парча ердаги дарахтлар орасига ҳам турли мевалар уруғини қадаган.

«Яхши ният» фермер хўжалиги далаларида ниҳол етиштириш билан шуғулланаётган Машъал аканинг айтишича, туман ҳокимлиги ҳозирги ислоҳотлар даврида илгари сурилаётган янгидан-янги ғояларга лаббай деб жавоб бериб, қадимдан юртимизда мавжуд бўлган сархил мевалар навларини кўпайтириш, экспортбоп мевалар етиштириш учун ниҳоллар яратиш мақсадида Машъал аканинг ўзига алоҳида ер ажратиб, барча шароитларни ҳозирлаб беришни ваъда қилган.

Фото: Kun.uz

Фермер хўжалигида турли-туман мевали боғлар билан бир қаторда, кўчат етиштириб сотиш йўлга қўйилган. Биз етиштирилган кўчатларни қазиб олиш ишлари олиб борилаётгани устидан чиқдик, ҳаттоки уларни харид қилишга келган харидорларни учратдик.

Фото: Kun.uz

Машъал ака ижтимоий тармоқларда ҳам жуда фаол, «Фейсбук» ижтимоий тармоғида «Боғдорчилик илми» очиқ гуруҳини юритмоқда. Айни пайтда гуруҳнинг 18 минг 300 дан ортиқ аъзоси бор.

Ушбу гуруҳда нафақат кўчатларни етиштириш, парваришлаш бўйича фикрлар алмашилади. Шунингдек, жаҳонда боғдорчилик, деҳқончилик ва набобот оламида рўй бераётган янгиликлар бериб борилади, муҳокама этилади.

Албатта, бу ишларнинг барчаси юртимизда боғдорчиликни ривожлантириш учун баҳоли қудрат қўйилаётган қадамлардан бири саналади.

Машъал ака, Кун.уз мухбирларига интервью берар экан, ўзининг қилаётган ишлари, амалга оширишни мўлжаллаётган режалари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ўзи ёзган шеърларидан бирини Кун.уз ўқувчиларига инъом этди.

Youtube.com да кўриш

Mover.uz да кўриш (tas-ix)

Ш.Шокиржонов, Х.Далиев, Э.Эрматов, М.Асқаров.

Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид