Ўзбекистон | 17:19 / 15.03.2018
30750
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Скрипаль иши бўйича баёнот берди 

Фото: Steve Parsons/PA via AP ва ТАСС

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши туфайли суриштирув ишлари борасида баёнот берди. Мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг таъкидлашича, улар «Новичок» номли ҳарбий турдаги асаб-фалажловчи модда билан заҳарланган. 

“Россия давлати томонидан Бирлашган Қиролликка қарши бу кучнинг ноқонуний қўлланилиши Европа, жумладан Қрим ва Донбассда, Украина, ҳамда ундан ташқарида Россия давлатининг тизимли тажовузкорлиги фонида рўй бермоқда. Бу тажовузкорлик кенг қамровли ҳамда қатъий жавобни талаб қилади”, - дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй парламентдаги эшитувлар давомида Буюк Британия россиялик 23 нафар дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориши ҳақида маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Россия Британияга Скрипаль иши бўйича ишонч туғдира оладиган жавоб тақдим этмаган.

Шунингдек унинг маълум қилишича, британиялик юқори мансабли амалдорлар ва қироллик оиласи аъзолари Россиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионатига бормайди. Британия Россия билан мулоқотни бутунлай узишдан манфаатдор эмас, бироқ мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди, дея маълум қилди Тереза Мэй. Буюк Британия Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга Лондонга ташриф буюриш бўйича юборилган таклифномани бекор қилди.

Бундан ташқари, Буюк Британия ҳукумати Россияга тегишли хусусий самолётларни текширишни кучайтиради, шунингдек, Бирлашган Қироллик хавфсизлигига таҳдид ҳақида маълумот пайдо бўлса, барча давлат активларини музлатиб қўяди.

“Миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор этилмаслиги ҳам мумкин бўлган бошқа чоралар кўрилади, бироқ Россия томонидан провокацияларга тўқнаш келсак, улардан фойдаланишга тайёрмиз.

Шунингдек таъкидлаб ўтиш жоизки, тегишли чоралардан бирортаси ҳам халқларимиз ўртасидаги алоқаларни узишга йўналтирилмаган. Бизда Россия халқи билан ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Бироқ Россия ҳукумати хатти-ҳаракатларидан британияликлар ҳамда Буюк Британия резидентлари ҳаётига туғилаётган таҳдидларга шунчаки қараб тура олмаймиз. Биз Россия томонидан халқаро мажбуриятларнинг қўпол тарзда бузилишига ҳам кўз юма олмаймиз”, - дейилади Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия ТИВ раҳбари Скрипалнинг заҳарланишига Россия алоқадорлиги бўйича рад этиб бўлмайдиган далиллар борлигини маълум қилганди.

Мавзуга оид