Иқтисодиёт | 10:54 / 10.05.2018
24704
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» хусусийлаштирилиши мумкин, аммо ҳукумат олтин ва нефть устидан назоратни сақлаб қолади

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Ўзбекистон «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг хусусийлаштирилишига тайёр, аммо олтин конлари ва нефть қазиб олиш устидан назоратни сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters мамлакат бош вазири ўринбосари Суҳроб Холмуродов ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси вакили Сардор Саъдуллаевга асосан хабар тарқатган.

«Биз давлат назорати остида ушлаб турилиши зарур бўлган асосий соҳа сифатида, асосан, олтин қазиб олиш ва асосий нефть ширкатимизни кўрмоқдамиз», - деган Саъдуллаев ЕТТБнинг Иорданияда бўлиб ўтаётган ҳар йиллик йиғилишида. Spot'нинг ёзишича, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз авиабозорини, жумладан, МАКни хусусийлаштириш ҳисобидан очишга тайёр.

«Бизда битта монопол авиакомпания бор - «Ўзбекистон ҳаво йўллари», бироқ Жаҳон банки билан соҳани ислоҳ этиш, авиакомпания тегилиши лозим бўлмаган компаниялар рўйхатидан чиқиши учун ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз», - деди Саъдуллаев. 

«Энергетика соҳаси ҳақида ҳам ўйламоқдамиз, аммо бизнинг фикрча, ДХШ (давлат-хусусий шерикчилик) моделини тўғри, деб ҳисоблаймиз», - дея қўшимча қилди Саъдуллаев. У давлат мулкига эгалик қилиш ҳуқуқи эмас, балки акциялар сотилишини назарда тутган.

Ўз навбатида, МАК вакиллари бу хабарга изоҳ беришдан бош тортди. Ширкат матбуот хизматидан таъкидлашларича, бу борадаги тегишли хабар авиакомпания расмий сайтида эълон қилинади. Бироқ, бу айнан қачон юз бериши айтилмади.

Мавзуга оид