Жаҳон | 16:44 / 05.06.2018
11829
2 дақиқада ўқилади

Кадрлар етишмовчилиги: «Аэрофлот» ҳарбий учувчиларни ишга олмоқда

Фото: Денис Абрамов / Ведомости

Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси Мудофаа вазирлиги ва бошқа маҳкамалар учувчиларини ишга қабул қилиш ҳақида эълон берди. Улар аввалига Airbus А320, Boeing 737 ва Sukhoi Superjet-100 (SSJ-100) самолётларида қайта ўқитилади, бу авиакомпания бўш иш ўринлари бўлимидаги маълумотларда айтилган.

Бундан ташқари, «Аэрофлот» Россияда иш тажрибасига эга бўлган ҳаво кемалари қўмондонлари ва иккинчи учувчиларни ишга олмоқда. Шунингдек, фуқаролик авиациясида парвоз вақти камида 3 минг соат бўлган хорижликлар ҳам таклиф этилади. Ҳаво кемаси қўмондони маоши ойига 650 минг рублгача етиши мумкин, дейилади авиакомпания сайтида.

«Аэрофлот» Россия авиакомпаниялари орасида учувчилар етишмаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб расман маълум қилди. Ташувчи раҳбари Виталий Савельев «учувчилар оммавий равишда Осиё ва Хитойга кетаётгани, у ерда иш ҳақи бир ярим-икки баробар кўп экани» ҳақида гапирганди.

«Аэрофлотга» янги учувчилар самолёт парки кенгайиши сабабли талаб этилмоқда. Авиакомпания жорий йилнинг январь - апрелида 11та янги авиалайнерни фойдаланишга топширди. 

Шунингдек, S7, «Россия», «Волга-Днепр», «Победа», Utair, «Азимут», «Уральские авиалинии» каби авиакомпаниялар ҳам янги учувчиларни ишга олиш учун эълон берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид