Жамият | 22:01 / 06.06.2018
12876
3 дақиқада ўқилади

Чиқиндиларни қайта ишлашга доир тизимлар мавжуд, ишга киришилса бўлгани

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, йилига 700 минг тонна маиший чиқинди Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамларнинг ярмидан кўпи, яъни 60 фоизи уй-жой коммунал хўжаликларнинг маиший чиқиндиларидир. Шундай экан, бу рақамлар тўғридан-тўғри ўзимизга боғлиқдир. 

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё Халқаро экология форуми (МОХЭФ)нинг иккинчи кунида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Европа ва МДҲ мамлакатларининг қаттиқ маиший чиқиндилар (ҚМЧ)ни бошқариш билан шуғулланувчи мутахассислари чиқиндиларни қайта ишлашга сармоя киритиш нақадар муҳимлиги ҳақида сўз юритишди. 

«Max Aicher» (Германия) компаниялар гуруҳи вакили Томас Шуман МОХЭФ доирасидаги сессиядаги чиқишида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш муаммо эмаслигини таъкидлади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишида керакли тизим ва схемалар мавжуд. Улардан фойдаланиб, ишланса бўлгани. 

"Чиқиндиларга доир тадқиқотларнинг кўрсатишича, қайта ишлаш секторида инвестициялар бор. Ишлаб чиқариш қувватлари бор, бироқ чиқиндиларни тўплаш, уларни саралаш каби муаммолар мавжуд", - деди МДҲ ва Россияда корпоратив бошқарув ва барқарор ривожланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича гуруҳлар директори Иван Барлоса. 

Фото: KUN.UZ

Сессияда шунингдек чиқиндиларни қайта ишлаш билан асосан хусусий компаниялар шуғулланиши қайд этилди. Йирик қайта ишловчи компаниялар лойиҳалари давлат томонидан қўллаб-қувватланади, майдалари эса кўпинча эътиборсиз қолади. Бу йўналишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги жуда муҳим. 

2017 йилда Ўзбекистонда ҚМЧ утилизацияси бўйича тўлиқ циклли замонавий кластерлар йўлга қўйилди: чиқиндиларни тўплашдан то уни қайта ишлашгача. 2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон президенти томонидан "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ тизимни тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда санитар ва экологик шароитни яхшилашга йўналтирилган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид