Жаҳон | 08:56 / 09.06.2018
7057
2 дақиқада ўқилади

Бугун Хитойда кенгайтирилган таркибдаги ШҲТ етакчиларининг илк саммити бошланади

Фото: EPA-EFE/WU HONG

9 июнда Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар етакчиларининг саммити очилади. Бу саммит ташкилот ташкил этилгандан бери унга аъзо давлатлар етакчиларининг 18-сонли ва унга Ҳиндистон ҳамда Покистон қўшилгандан кейинги илк саммит бўлади. 

Саммит расман 9 июнда бошланади, бироқ бу кун у бутун Евросиёдан Циндаога келаётган етакчиларнинг икки томонлама учрашувлари учун майдонга айланади.  

Кечаси тантанали овқатланиш маросими бўлиб ўтади, унда Хитой раиси Си Цзиньпин саммитнинг барча иштирокчилари ва меҳмонларини қутлайди. 

Саммитнинг асосий ишчи куни 10 июнь бўлади ва бу куни ШҲТ етакчилари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади ҳамда ташкилотнинг яқин йиллар учун ривожланиш йўналишини белгилаб берувчи кўплаб ҳужжатлар имзоланади.

Айни вақтда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон унда кузатувчи давлатлар мақомига эга. Бундан ташқари, Арманистон, Шри-Ланка, Непал, Камбожа, Туркия ва Озарбойжон ташкилотга ҳамкор давлатлар ҳисобланади.

Саммит доирасидаги тадбирлар 2 кун давом этади ва Хитой жорий йилда ШҲТда раислик қилувчи давлат сифатида турли сиёсий ва маданий дастурларни тайёрлаган.

ШҲТ бош котиби Рашид Алимов саммит арафасида Циндао саммити якунларига кўра террорчиликка қарши курашдан бошлаб савдо, иқтисодиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришгача бўлган минтақавий ва халқаро кун тартибининг барча жиҳатларини қамраб олувчи 20 тага яқин ҳужжат имзоланиши кутилаётганини маълум қилганди. Саммит якунларига кўра имзоланадиган асосий ҳужжат Циндао декларацияси бўлади.

Шунингдек, 10 июнда ташкилотнинг 2019-2021 йиллар учун янги бош котиби номзоди тасдиқланади. Бу лавозимни Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов эгаллаши кутилмоқда.

Саммитда кутилаётган яна бир муҳим воқеа унда Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг иштирок этиши ҳисобланади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид