20:24 / 12.06.2018
25877

Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳақида маълумот берилди

Фото : Николай Петров / БелТА

Беларусь президенти Александр Лукашено 12-14 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Республика Кенгаши раиси Михаил Мясникович 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашув чоғида шундай баёнот берди, дея хабар беради "Белаплан".

Лукашенконинг Тошкентга ташрифи давомида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Мясниковичнинг сўзларига кўра, айни дамда тўққиз битим лойиҳаси Ўзбекистон томонидан кўриб чиқилмоқда, умуман олганда эса 11 ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.

"Тезкорлик билан мувофиқлаштириш ишларини охирига етказиш керак", - дея таъкидлади Беларусь Республикаси Кенгаши раиси.

Ўзбекистон ва Беларусь шунингдек қандолатчилик саноатида ҳамкорликни ривожлантириши маълум қилинган. Гап лицензион ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда. Лойиҳада Беларусь томондан "Коммунарка" қандолатчилик фабрикаси иштирок этмоқда.

"Ўйлашимча, яқин вақт ичида "Коммунарка" Ўзбекистоннинг тегишли компанияси билан бирга лицензияланган юқори сифатли конфет ишлаб чиқаришга киришади", - деди Михаил Мясникович. Бундан ташқари, Беларусь Ўзбекистон бозорига шакар етказиб бериш ҳажмини оширишга умид қилмоқда.

Ўз навбатида Ниғматилла Йўлдошев мамлакатлар товар айланмасини кескин ошириши ва диверсификация қилиши кераклигини таъкидлади. 

"Биз қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва машинасозлик соҳаларида инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз", - деди у.

Олий Мажлис Сенати раиси мамлакатлар транспорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришлари кераклигини қайд этди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 44,9 миллион долларни ташкил қилди. Экспорт - 34,8 миллион доллар (270,9 фоиз ўсиш), импорт эса 10,1 миллион доллар (143,8 фоиз)га етди. 

Top