Ўзбекистон | 17:08 / 13.06.2018
26506
3 дақиқада ўқилади

Ҳоким Тошкент шаҳрида яна қанча янги уйлар қурилишини айтди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро пресс-клубда Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида «Тошкент: ақлли, обод ва севимли шаҳар учун умумий ҳаракатлар режаси» мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов ҳам қатнашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Сергели туманида 2017 йил якунида 120та кўп қаватли уйлардаги 4 400та хонадон фуқароларга топширилди. Бу йил эса 150та кўп қаватли уйлар қурилмоқда, бу орқали 5 040та янги хонадон фуқароларга топширилади. Уйларнинг нарх-навосига тўхталадиган бўлсак, шуни айтиб ўтиш лозимки, бу дастур бошланишида ушбу хонадонларни ҳамёнбоп қилиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қатор имтиёзлар берилган. Бунда асосий қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан таннархида олинмоқда, уй-жойларни қураётган ташкилотларга солиқ имтиёзлари берилган. Шунинг учун ҳам бу уйлар энг қулай нархдадир. 

Сергелида метро линияси бўйича ҳам қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ҳам туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда ўз таъсирини кўрсатади. Янги қурилаётган уй-жойларда истиқомат қиладиган фуқароларга ҳам эртага транспорт-логистика бўйича жуда қулай шароитлар яратади», - деди Сергели тумани ҳокими. 

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, яқин кунларда Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласида ҳам шунга ўхшаш қурилиш бошланади. 

«Дўмбиробод маҳалласида 3 мингта квартирани қурилиш ишлари бошланади яқинда. У ҳам ижтимоий кам таъминланган оилалар ва ногиронларга, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига берилади. Бундан ташқари, Сергели туманида 2 мингта хонадонга мўлжалланган кампус типидаги уйлар қурилиши бошланди. Шу йилнинг охиригача пойтахтнинг 11 туманида 50дан 120га қадар кўп қаватли уйлар қурилади. Улар тез қурилади ва нархи нисбатан арзон бўлади. Ҳозирда тегишли хатлов ишлари олиб борилмоқда», - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳокими пойтахтдаги муаммоларни санаганди.

Мавзуга оид