Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Электрон тижорат орқали дори воситалари қандай реализация қилинади?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида «Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш тартиби тасдиқланиши мумкин.
Белгиланишича:
электрон тижорат орқали реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан махсус ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари орқали етказиб берилади;
дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беришда уларни сифати ва безарарлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” 2016 йил 27 октябрдаги 365-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар махсус ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларида дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди.
Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш тартибига кўра, дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи реализация қилувчи ташкилотлар дори воситаларини ва тиббий буюмларни фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ташкилотларга, тиббиёт ташкилотларига, шунингдек дори воситаларидан ва тиббий буюмлардан тиббиётда қўллаш мақсадида ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи ташкилотларга электрон тижорат орқали реализация қилиши мумкин.
Дорихоналар томонидан электрон тижорат орқали фақат рецептсиз бериладиган дори воситалари, тиббий буюмлар, биологик фаол қўшимчалар ҳамда косметика ва шахсий гигиена воситаларини чакана реализациясини амалга оширишга рухсат этилади.
Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланиш учун фармацевтик лицензияга эга бўлган субъектлар дори воситалари ва тиббий буюмларни фақатгина лицензияга эга бўлган ишлаб чиқарувчи ва/ёки бошқа улгуржи савдо билан шуғулланувчи ташкилотлардан электрон тижорат орқали сотиб олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари ва тиббий буюмларни харид қилиш ва тарқатишда ҳамда тиббий буюмларни турини ўлчаш ёки метрологик аттестация ўтказиш, уни Ўзбекистон Республикасидаги ягона ўлчов бирлиги тизими Давлат реестирига киритишни таъминлайди.
Электрон тижорат ахборот тизимида офертани (таклифни) жойлаштириш ва офертага акцепт олиш йўли билан амалга оширилади.
Электрон тижорат иштирокчиси (сотувчи, харидор) ва ахборот воситачиси электрон тижорат субъектлари ҳисобланадилар.
Электрон тижорат субъектлари тузилган шартнома талабларига мувофиқ ҳуқуқни амалга оширадилар ва эга бўладилар, мажбуриятларни бажарадилар.
Электрон тижорат иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
электрон тижорат мақсадида ишлаб турган ахборот ресурсларида офертани жойлаштириш (таклиф этиш);
электрон тижоратдаги шартномаларни тузиш йўли билан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ёки олиш;
электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни ахборот воситачиларига сақлаш учун топшириш.
Электрон тижорат иштирокчиси — товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи:
электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг сақланишини таъминлаши;
электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиши шарт.
Электрон тижорат иштирокчиси — товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан, фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширган тақдирда эса тегишли лицензияни олган пайтдан эътиборан электрон тижоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
Ахборот воситачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколати доирасида шартнома асосида электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш;
электрон тижорат иштирокчиларига кўрсатиладиган хизматлар шартларини белгилаш.
Ахборот воситачиси:
электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиши;
ўзининг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, кўрсатиладиган хизматлар, уларни кўрсатиш шартлари ва қийматлари (тарифлари) ҳақидаги ахборотни электрон тижорат иштирокчиларига ошкор қилиши;
электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг мазмунини, улардан фойдаланиш тартибини ўзгартирмаслиги (бундан электрон тижорат иштирокчилари билан тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳоллар мустасно);
электрон ҳужжатларни, электрон хабарларни ҳамда шахсга доир маълумотларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари билан таъминлаши;
электрон ҳужжатларни ва электрон хабарларни учинчи шахсларга юбормаслиги (бундан қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар мустасно) шарт.
Электрон тижорат иштирокчиларининг ахборот воситачиси орқали юборилаётган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарлари мазмуни билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий оқибатлар учун ахборот воситачиси жавобгар бўлмайди.
Ахборот воситачиси қонун ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
Электрон тижорат иштирокчилари, электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни айирбошлаш учун тегишли ахборот тизимларини бошқаришни аниқ ташкил этишни таъминлаб шартнома асосида ахборот воситачиси хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
Сотувчи ва ахборот воситачиси электрон тижорат субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган электрон савдо майдончаси орқали электрон тижорат шаклида дори воситалар ва тиббий буюмларни реализация ҳуқуқига эгадир.
Электрон савдо майдончалари Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги ресурслар, Миллий ахборот-излаш тизимида кўрсатиладиган дастурий маҳсулотлар ва мобил иловалар бўлиши мумкин.
Электрон савдо майдончаси электрон тижоратни амалга ошириш учун зарур функцияларни, шу жумладан:
ушбу Тартибда назарда тутилган холда офертани жойлаштириш, акцептни амалга ошириш ва шартномалар тузиш;
электрон тижорат субъектларига ушбу Тартибга мувофиқ назарда тутилган ахборотдан фойдаланиш;
ушбу Тартиб талабларига мувофиқ электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни хавфсиз айирбошлашни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни белгиланган тартибда сақлаш имкониятини ўз ичига олиши керак.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олишни рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда сотувчини хабардор қилиб ўзи билан тузилган шартномани бажаришни рад этиш ҳуқуқига эгадир.
Сақлаш зоналари яхши сақлаш шароитларини таъминлай оладиган даражада лойиҳалаштирилган ёки мослаштирилган бўлиши керак. Жумладан, улар тоза, қуруқ бўлиши ва уларда керакли ҳарорат режими ушлаб турилиши керак. Агар маҳсулот ёрлиқларида махсус сақлаш шароитлари (масалан, ҳарорат ёки нисбий намлик) кўрсатилган бўлса, уларни таъминлаш, вақти-вақти билан текшириш, назорат қилиш ва қайд қилиш лозим. Материаллар ва дори воситалари полда сақланиши мумкин эмас, тозалаш ва инспекцияни таъминлаш учун улар зарур бўлган узоқликда жойлаштирилиши керак. Тагликларни яроқли ва тоза ҳолда яхши сақлаш лозим.
Маҳсулотларни сақлаш зоналари тоза, ахлат йиғилмайдиган ва зараркунандалардан (ҳайвон ва ҳашаротлардан) холи бўлиши керак. Ёзма равишда санитария бўйича тозалаш оралиғи, хона ва сақлаш зоналарини тозалаш учун қўлланиладиган усуллар кўрсатилган дастур тузилиши лозим. Бундан ташқари ёзма равишда зараркунандаларга (ҳайвон ва ҳашоратларга) қарши курашиш дастури тузилиши керак. Зараркунандаларга қарши курашишда қўлланиладиган воситалар безарар бўлиши, материал ва дори воситаларини у билан контаминацияланишини олдини олиши зарур. Ҳар қандай тўкилиш ва сочилишда бирон-бир контаминация хавфини тўлиқ олдини олишни таъминлаш учун тозалаш бўйича тегишли жараёнлар (процедура) ишлаб чиқилган бўлиши керак.
Материал ва маҳсулотларни қабул қилиш ва жўнатиш жойлари об-ҳаво шароити таъсиридан ҳимояланган бўлиши лозим. Қабул қилиш зоналари шундай лойиҳалаштирилган ва жиҳозланган бўлиши керакки, зарур бўлганда олинган материал ва дори воситалари ўрамлари (контейнерлари)ни сақлашга жўнатгунга қадар тозалаш имкони бўлсин.
Агар карантин статуси алоҳида зоналарда таъминланаётган бўлса, мазкур зоналар аниқ белгиланган ва уларга кириш фақат масъул ходимга рухсат этилган бўлиши лозим. Жисмоний карантин ўрнига қўлланиладагин ҳар қандай тизим айнан бир хил ҳимояни таъминлаши лозим. Масалан, кириш ҳуқуқини чекланишига ишонч ҳосил қилиш учун валидацияланган ҳолдагина компьютерлаштирилган тизимлар қўлланилиши мумкин.
Дори воситаларни ва тиббий буюмларни етказиб беришда уларни бутунлиги бузилмаслиги ва сақлаш шароитига риоя қилиниши лозим.
Совуқ занжирда қуруқ музни ишлатилишига алоҳида эътибор бериш лозим. Хавфсизлик чораларига риоя қилишдан ташқари, маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатиши (масалан, музлашга олиб келиши) мумкинлиги сабабли, материаллар ва дори воситаларини қуруқ муз билан контактда бўлмаслиги шароитини таъминланиши лозим.
Мавзуга оид
11:35 / 10.06.2026
Қарийб 900 млн сўмлик сифатсиз ва ҳужжатсиз дорилар аниқланди
08:15 / 04.06.2026
2030-йилларда янги тиш ўстирувчи дори бозорга чиқиши мумкин
17:11 / 19.05.2026
Андижонда қўлбола тарзда дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди
21:30 / 24.04.2026