Ўзбекистон | 17:25 / 21.06.2018
3379
3 дақиқада ўқилади

Халқаро Меҳнат ташкилоти раҳбари йил охирида Ўзбекистонга келади

Халқаро Меҳнат ташкилоти бош котиби Гай Райдер 2018 йил охирида Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда ХМТнинг Ўзбекистондаги катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган семинар-тренингда қилган чиқишида маълум қилди. У Женевадаги халқаро анжуманда қатнашиб, Тошкентга қайтганини айтар экан, халқаро ташкилотлар, ХМТ ҳам Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни кузатишга катта қизиқиш билдираётганини билдирди. 

“Йирик халқаро ташкилотлар, шу жумладан Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларга қизиқиш билдирмоқда. Улар Ўзбекистондан ажойиб хабарларни эшитиб, кўраётганлари боис, янада кўпроқ билишни хоҳлашмоқда, менга ҳам кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, Женевада ОАВларидан бирига интервью бериш орқали дунёга Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўзлашга муваффақ бўлдим. 

Фото: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Қайд этишим керак, ХМТ бош котиби Гай Райдер ҳам Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларни шахсан кузатиб бормоқда. У бу ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриш, яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг декабрь ойида мамлакатингизга ташриф буюради. Бутун дунё бизни кузатиб турган экан, келинг, барчасини тўғри бажарайлик”, - деди Йонас Аструп.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда, барча хоҳ у журналист, прокурор, ички ишлар ходими, хоҳ меҳнат инспектори ёки касаба уюшмаси вакили бўлсин, ўз мажбуриятидан келиб чиққан ҳолда ҳисса қўшиши, вазифасини бажариши керак бўлади. 

“Мен давлат раҳбари Мирзиёевнинг мажбурий меҳнат борасидаги қарашини такрорлашга зарурат йўқ деб ўйлайман. Аксинча, барчамиз унинг сўзлари амалиётга жорий қилинишида фаоллик кўрсатишимиз керак”, деди ХМТ катта техник маслаҳатчиси. 

Унинг таъкидлашича, яқинда Қорақалпоғистонда 80 нафар талабани мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбарлар ишдан олингани ва бунинг ОАВ орқали кенг ёритилгани давлатнинг бу борадаги сиёсати сўздан амалга кўчганининг ифодасидир. 

Фото: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

“Мен яна бир марта шуни таъкидламоқчиманки, Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат муносабатлари соҳасида амалга ошираётган ислоҳотларини тўлиқ қўллаб-қувватлаш баробарида, бу ерда бўлаётган ўзгаришларни кўришдан жуда мамнун. Шундай экан, сиз бугунги натижаларга эришаётганларингиздан фахрлансангиз бўлади.

Шу билан бирга биз йўлимизда давом этишимиз керак. Тез орада Ўзбекистонда мажбурий меҳнат батамом йўқотилди, деб баралла айта оламиз. Ўйлайманки, бошқа мамлакатлар бу борада Ўзбекистондан ўрнак ола бошлашади”, - деди Йонас Аструп. 

Мавзуга оид