Ўзбекистон | 18:12 / 21.06.2018
17577
5 дақиқада ўқилади

Мажбурий меҳнат нима? Тошкентда семинар-тренинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқда “мажбурий меҳнат” атамаси қандай изоҳланган? Бунинг учун белгиланган жарима ва жазо нималардан иборат? Уни аниқлашда ёрдамчи индикаторлар борми? Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияда бўлиб ўтган семинар-тренингда айни шу каби саволларга жавоб берилди. 

ЎзКУФ ходими Хушнудбек Худайбердиев “мажбурий меҳнат” тушунчасининг миллий қонунчиликдаги ҳуқуқий изоҳига тўхталар экан, Ўзбекистон Конституциясининг алоҳида бир моддаси билан бу нарса тақиқланганини билдирди. 

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида қуйидаги қоидалар белгиланган:

«Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”.

Қолаверса, Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан, бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажариш тушунилади.

Бундан ташқари, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида:
 
“Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно”, - дейилади.

Шу билан бирга, Х.Худайбердиев қайси ҳолатлар қонунчилик бўйича мажбурий меҳнат сирасига ҳам кирмаслигини маълум қилди. Меҳнат кодексига кўра, қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:

-  ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
-  фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
-  суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
-  қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, маърузачи миллий қонунчиликда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳам сўз юритиб, Меҳнат кодексининг “қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди” – деган тушунчасини ўзгартириш бўйича мутасадди идоралар томонидан таклиф билдирилаётганини таъкидлади.

ХМТнинг Ўзбекистондаги катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп, айрим ҳолларда, вояга етмаганларнинг уй ишларида ёрдам бериши ҳам болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат сифатида баҳоланаётгани, бироқ фарзанднинг оиласига ўз хоҳиши бўйича уй юмушларида ёрдам бериши кабилар халқаро ҳуқуқ доирасида мажбурий ёки болалар меҳнати сифатида баҳоланмаслигига ойдинлик киритди. 

“Вояга етмаган болаларнинг ота-оналарига уй юмушларида кўмак бериши барча давлатлар, хусусан Ғарб мамлакатларида ҳам кузатиладиган ҳолатдир. Буни мажбурий меҳнат билан аралаштирмаслик керак. Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро, у бюджет ташкилотида ишлайдими, ё бошқа жойда фарқи йўқ, ишидан бўш вақтларида ўзи хоҳлаган иши билан шуғулланишга ҳақли. Бу унинг ҳуқуқи. Бюджет ташкилоти вакили, деб уларни бу ҳуқуқдан, меҳнат қилиб, даромад қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилиш нотўғри”, - деди Йонас Аструп.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ўзбекистон Бош прокуратураси, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга доир ҳолатларни аниқлаш ҳамда суриштириш” масалаларига бағишланди. Семинар-тренингда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги техник мулозими Йонас Аструп ҳам иштирок этди. 

Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиевнинг билдиришича,  ХМТнинг 107-сессиясида ташкилот бош котиби Гай Райдер Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини тартибга солиш, бу борадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар таҳсинга лойиқ эканини билдирган. Тадбирда иштирок этган Йонас Аструп Гай Райдернинг шу йил декабрь ойида Ўзбекистонга келишини маълум қилди. 

Мавзуга оид