Жамият | 09:30 / 06.07.2018
11924
13 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болаларни ким ҳимоя қилади?

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида болалар ҳақида турли ахборотлар тарқатилмоқда. Кимдир йўқолган, кимдир зўрланган, кимдир сотилган ёки «шунчаки» ўлдирилган. Наҳотки Ўзбекистонда болалар шу қадар кўпайганки, биз улар билан инсонга хос бўлмаган муносабатда бўла бошлаганмиз?

Фактлар ҳаммасини айтиб турибди

2017 йилда Қибрайда истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл ўзининг уч ёшли боласини сотаётган пайтда ушланган. Бир гуруҳ инсонлар ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиб, М.Исмоилова боласини бегона шахсларга 1000 АҚШ доллари эвазига сотишга уринаётганини маълум қилишган. Тезкор уюштирилган оператив тадбир М.Исмоилова уч ойлик ўғилчасини 500 мингга сотаётганида ушланиши билан якун топган.

Жорий йилнинг 2 апрелида Қўқон шаҳри Туркистон кўчасидаги дарахтлардан бирининг остида уч ёшли болакайнинг жасади топилди. Оператив-қидирув тадбирларидан сўнг боланинг қотили ўз онаси бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Саидахон Тилаволдиева ўз жигарбанди, 2015 йилнинг 4 ноябрида туғилган Фирдавсжон Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган экан. Оператив тадбирлар натижасида Саидахон Тилаволдиева Тошкент шаҳрида қўлга олинган.

Шу йилнинг май ойида Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлими терговчилари Бош прокуратура тезкор ходимлари билан биргаликда туғилганига етти кун бўлган қизалоғини 4 минг АҚШ долларига пулламоқчи бўлган аёлни аниқлашди. Ўтказилган тадбир давомида Тошкент вилояти туманларидан бирида истиқомат қилувчи 23 ёшли Хайринисо Ж. (исмлари ўзгартирилган) ушланади.

Абортлар ва чақалоқларни сотиб юборишга оид сўнгги янгиликдан эса ҳамма даҳшатга тушса керак. Маълумотларга кўра, ҳомиладорликни сунъий бартараф этиш мобайнида тирик туғилган чақалоқларни тиббиёт муассасаси ходимлари қалбаки ҳужжатлар билан бефарзандликдан қийналаётган оилаларга 500–2000 АҚШ долларига сотиб келишган. «Мижозлар» топилмаган ҳолатларда эса, чақалоқлар нобуд бўлиш учун ташлаб қўйилган ва тиббиёт чиқиндилари куйдириладиган печкада ёқилган. Текширув натижасида прокуратура ходимлари чақалоқларнинг куйдирилган ўнлаб таналарига дуч келишган.

Болаларнинг йўқолаётгани ҳақидаги фактлар деярли ҳар ойда эълон қилиниб турибди. Агар расман бўлмаса, ижтимоий тармоқларда бундай хабарга бот-бот кўзингиз тушади.

Болалар ўлими — шунчаки статистика эмас, асло. Бу миллий фожиа! Фактлар шуни кўрсатмоқдаки, ўзбек жамиятининг айрим қисми ҳанузгача нормал оила шакллантиришга тайёр эмас.

Хўш, унда муаммо нимада?

Биринчидан, амалда Ўзбекистонда «оилани режалаштириш» деган тушунчанинг ўзи йўқ. Оилани режалаштириш инсонларга керакли фарзандлар сони, уларнинг туғилишлари орасидаги вақт интервалини аниқлаш имконини беради. Бунга турли тиббий усуллардан фойдаланиб эришиш мумкин. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозларига кўра, ривожланаётган давлатлардаги 214 миллион аёл ҳомиладор бўлишни кечиктириш ёки унга дучор бўлмасликни исташади, бироқ ҳеч қандай контрацепция воситалардан фойдаланишмайди.

Иккинчидан, 9 ойлик режалаштириш. Негадир, Ўзбекистонда янги туширилган келин айнан 9 ойдан сўнг фарзандли бўлиши шарт. Агар бу бир йилга чўзилса, у «касал» дея тамғаланади ва бу ажралишларга сабаб ҳам бўлади. Айрим оилаларда ёш келин-куёвлар эмас, уларнинг ота-онаси қачон ва қандай жинсдаги фарзандни дунёга келтиришни ҳал қилишади. Ёш оиланинг истаклари мутлақо инобатга олинмайди. Эҳтимол, ёшлар 2-3 йилдан сўнг — келин магистратурани битирганидан кейин, куёв яхши иш жойга жойлашиб олгач фарзанд кўришни истар, лекин бу ота-оналарни қизиқтирмайди. Келин 9 ойдан сўнг туғиши шарт!

Учинчидан, мазкур соҳада аниқ бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг йўқлиги. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз фарзандларининг тарбияси ва улғайиши учун масъул ҳисобланади. Улар ўз фарзандларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ривожланиши учун масъулдирлар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра, Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши —энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзбекистонда, шунингдек, маълум бир ҳолатларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш легал амалиёти ҳам мавжуд, лекин гап бунда эмас.

Мавжуд вазиятда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам сочилиб ётибди. Ниманидир кодексдан, бошқасини қарорлардан, яна бирини фармон ёки сўнгги қонунлардан ахтариб топиш керак.

Умуман олганда, атрофда содир бўлаётган воқеаларга қараб, таажжубланасан. Айрим одамлар токи фарзандларига зарур турмуш шароитларини яратиб бера олмас экан, уларни дунёга келтириб нима қилади?

Хорижий давлатларнинг ҳам ўз муаммолари етарлича. Бироқ ижтимоий хизмат деб аталувчи ташкилотлар борки, улар болалар ҳуқуқларини фаол равишда ҳимоя қилишади.

Уёқда фарзандни дунёга келтиришдан аввал эр ва хотин юз марта ўйлаб, чамалаб кўришади, чунки бола ҳуқуқининг бир ёки бир неча марта бузилиши ижтимоий хизматлар томонидан фарзанднинг тортиб олинишига, критик ҳолатларда эса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишга олиб келиши мумкин.

4 йилча муқаддам Европада турмуш қуришганига 8 йил бўлган, бироқ ҳанузгача фарзанд кўрмаган оила билан учрашиб қолган эдик.

«Нега?», деб савол берганимизда улар ҳали тайёр эмасликларини ва қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келишни истамасликларини (эътибор беринг — қонун билан боғлиқ муаммоларга!) баён этишди. Қонун деганда улар айнан ижтимоий хизматни назарда тутишган. Ёш оилалар саёҳат қилишни ва кўнгилочар жойларда вақт ўтказишни яхши кўришади. Мантиқни шу ердан қидираверинг. Улар фарзанд жуда катта масъулият эканлигини ҳис қилган ҳолда, ҳали ота-она бўлишга тайёр эмасликларини билишади.

Хориж тажрибаси

Амалиётда, хорижий давлатларда оилалар ва фарзандлар билан ишловчи кўплаб мутахассислар эҳтимолий қоида бузилишлар ҳақида болаларни ҳимоя қилувчи хизматга хабар беришга мажбур. Масалан, болалар боғчаси ва мактаб ходимларида бола ёрдамга муҳтож эканлиги борасида бирор шубҳа пайдо бўлса, болаларни ҳимоя қилиш хизматига хабар қилишлари керак. Қоида тариқасида, мутахассислар аввало масалани оила билан муҳокама қилади. Полиция ҳам вояга етмаган бола жиноятга қўл урса, наркотик ёки алкоголь истеъмол қилса, оилавий зўравонлик саҳналарида иштирок этганини аниқласа ариза бериши мумкин.

Хизматга мурожаат этиш сабаблари қандай бўлиши мумкин?

  • Оила ҳаётида унинг барча аъзоларига тааллуқли жиддий ўзгариш рўй беради;
  • Ота-она чарчоқ, касалликлар, депрессия, руҳият касалликларига чалинади;
  • Ота-она бот-бот ва кўп миқдорда наркотик моддалар ва алкоголь истеъмол қилишади;
  • Оилада зўравонлик ҳолатлари юз беради;
  • Бола ёки ўсмир ўзи учун зарарли ҳаракатни амалга оширади, масалан, алкоголь ёки наркотик истеъмол қилади, қонунни бузади ёки мактабга бормай қўяди;
  • Болада писхологик муаммолар кузатила бошланади;
  • Бола масалан, ота-онасининг беморлиги туфайли оила ҳаёти учун ўз ёшига мос бўлмаган катта масъулиятни гарданига олади.

Ариза ёки билдирги берилгач нима бўлади?

Ижтимоий ходим ҳар бир билдирги ва аризани синчиклаб ўрганади, шундан сўнг, аксарият ҳолларда боланинг оиладаги ўрнига баҳо бериш жараёнини бошлайди. Боланинг оиладаги ўрнига боғлиқ равишда баҳолаш ижтимоий ёрдам заруриятини аниқлаш ёки болани ҳимоя қилиш заруриятини аниқлаштиришдан иборат бўлиши мумкин.

Аксарият ҳолларда ходим оила билан боғланади ва ота-она ва болаларни вазиятни муҳокама этиш учун таклиф қилади. Жараён давомида бир неча учрашув ташкиллаштирилиши мумкин, бу учрашувлар ижтимоий хизмат офисларида ҳам, болалар боғчаси, мактаб ёки оила истиқомат қилувчи уйда ҳам ўтказилиши мумкин. Пайдо бўлган вазиятга тўлиқ аниқлик киритиш учун ҳар икки томон таржимон хизматидан ҳам фойдаланиши мумкин. Учрашувларда қабул қилинган аризанинг сабаблари, бола ва оилага ёрдам қўлини чўзишнинг эҳтимолли усуллари муҳокама этилади. Жараён мобайнида ходим бола билан ота-онасининг иштирокисиз ҳам учрашадиган ҳоллар кўп бўлади.

Бола ва оиланинг ҳолати қанчалик зарур бўлса, шу қадар кенг баҳоланади. Оиланинг истагига кўра, ҳамкорлик боланинг бошқа яқинлари ёки қариндошларига таклиф қилиниши мумкин.

Оила ва фарзанднинг ҳолати баҳоланиши оиланинг ижтимоий хизмат ёки болаларни ҳимоялаш хизмати мижози сифатида ҳисобга қўйилиши учун сабаб бўлиши мумкин.

Агар фарзанд ва оила ижтимоий хизмат қўллаб-қувватлаши ёки хизматларидан фойдаланишни режалаштираётган бўлса-ю, уларга болаларни ҳимоялаш хизмати ёрдами зарур бўлмаса, улар учун ижтимоий хизмат мижози статуси даврида ўз куратори — масъул ходим ажратилади. Ижтимоий хизмат мижози статуси ихтиёрий бўлади.

Агар оила ва фарзанднинг ҳолати болаларни ҳимоялаш маркази қўллаб-қувватловини талаб этса, фарзанд болаларни ҳимоялаш марказининг мижозига айланади. Бу ҳолатда бола билан боғлиқ ишларни юритиш учун махсус тайинланган ижтимоий ходим ишга киришади. Баҳолаш натижасида ижтимоий ёрдам ёки болани ҳимоялаш асносида хизмат ходимларида боланинг ҳолати ва вазияти билан боғлиқ ташвиш туғилиб қолса, фарзанд ота-онаси ва ўзи керак деб ҳисобламаса ҳам у болаларни ҳимоялаш хизмати мижозлигига қабул қилиниши мумкин.

Ижтимоий хизмат ёки болаларни ҳимоялаш хизмати мижози статуси баҳолаш натижасида ташвиш учун сабаб йўқлиги аниқланганида, шунингдек оила қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлмаган ҳолларда берилмайди.

Агар бола ёки оила қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлса мижозга оид режа ишлаб чиқилади.

Агар баҳолаш натижаларига кўра бола ва оила ёрдамга муҳтож деб топилса, ҳаётнинг айнан қайси жабҳаларида ёрдам кераклиги ва ёрдам қандай кўрсатилишини қамраб олган режа тузилади. Режа ёзма равишда тузилади ва «Болаларни ҳимоялаш хизматининг мижозга оид режаси» деб аталади.

Мижозга оид режа доимо бола ва унинг оиласи иштирокида тузилади. Зарурият туғилганида у йилига камида бир марта янгилаб турилади. Янгиликлар киритиш асносида режада қайд этилган вазиятлар қараб чиқилади, ёрдамнинг нечоғлик фойдалилиги баҳоланиб борилади.

Бизда-чи?

Она: «Мана, уйланганингга бир йил бўлди, ўғлим. Негадир хотининг менга ёқмаяпти. Мен ҳам невара кўришни истайман. Касалхонага 40 марта бориб келдик. Сен энди у билан буёғига яшаш-яшамаслигингни ҳал қилишинг керак».

Ўғил: «Ойижон, яна озгина вақт беринг. Балким ҳаммаси жойига тушиб кетар. У ахир ҳали магистратурани битиргани ҳам йўқ-ку?!».

Она: «Мен қўшниларга нима деб жавоб бераман?»...

Натижада исталмаган «чақалоқ» дунёга келади. Ҳали фарзанд кўришни истамаган она тун-у кунни чақалоққа қараш билан ўтказа бошлайди. Боз устига, ўқиши, иши ва рўзғори бу ёқда қараб турибди. Куёв доим ишда, пул топмоқда. Мана шу ерда оилада турли муаммолар юзага кела бошлайди: жанжаллар, тажовузкор ҳаракатлар ва тушунмовчиликлар. Ҳаммасига белгилаб қўйилган 9 ойдан сўнг дунёга келишга мажбур бўлган беғубор гўдак айбдор.

Ота-онанинг бола ва жамият олдида муайян масъулияти йўқлиги туфайли фарзандга нисбатан мана шундай муносабат шаклланиб улгурган. Боз устига, бола ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг аниқ бир механизми ҳам йўқ, шу сабабли кўплаб ота-оналар ўзи жазоланмаслигини билади.

Ўзбекистонда болаларни ким ҳимоя қилади? Болаларни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун қандай аниқ бир механизмлар мавжуд? Ким бола 100 фоиз давлат ҳимояси остидалигини кафолатлай олади?

Ёшлар иттифоқими, маҳалла фуқаролар йиғиними, Хотин-қизлар қўмитасими, ННТларми, прокуратура ёки ички ишлар органларими?

Ҳаммаси аралашиб кетган ва асосий масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу ҳолда ҳеч ким ўзининг аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам билмайди. Болаларни оиладаги зўравонликлар, ота-онасининг тажовузи ва ҳоказолардан ҳимоялашнинг ягона механизми мавжуд эмас.

Умуман олганда, болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида ижтимоий хизматлар ва муайян қонунчилик меъёрларининг йўқлиги юқорида санаб ўтилган оқибатларга олиб келмоқда.

Алалхусус, Ўзбекистонда ҳам болаларнинг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилувчи махсус ижтимоий хизматни ташкил этиш фурсати етиб келган.

Улуғбек АКБАРОВ

Улуғбек Акбаров
Тайёрлаган Улуғбек Акбаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид