Ўзбекистон | 11:50 / 13.07.2018
76133
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Сурхондарё халқи билан хайрлашди

Фото: Facebook / Эркинжон Турдимов

Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимини тарк этганини расман тасдиқлади. У фейсбукдаги расмий саҳифасида Сурхондарё халқи билан хайрлашган.

«Мен Сурхондарё халқидан чексиз миннатдорман, бир йилу етти ой вақт мобайнида бу воҳа аҳлидан жуда кўп нарсани ўргандим. Ўзимни Сурхондарё халқидан бир умр қарздор деб ҳисоблайман. Мана шу давр мобайнида мен билан елкама-елка туриб хизмат қилган барча-барчага миннатдорчилигимни билдираман», деган ҳоким.

Эркинжон Турдимов 2016 йил декабридан буён Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилиб келаётганди.

12 июль куни у Туробжон Жўраев ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинлангани маълум бўлди.

Эркинжон Турдимов (1969 йилда туғилган) 2008−2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлган. 1991−1995 йилларда Ўзсаноатқурилишбанк ҳудудий бўлимларига раҳбарлик қилган, 1996 йилгача Зарафшон ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Сурхондарё вилоятига жорий йил 16 январидан Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаган Баҳодир Пўлатов ҳоким бўлди.

Айни вақтда Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими қўлга олинган. Ҳозирча ҳокимнинг ушланиши тафсилотлари келтирилмади.

Мавзуга оид