Light | 00:21 / 19.07.2018
26367
10 дақиқада ўқилади

Нима учун Ўзбекистонга албатта саёҳат қилиш керак? Туркиялик эксперт фикри

"Дарҳақиқат, Ўзбекистон беқиёс ўлка. Мен ҳам бу ифодани Ўзбекистондан қайтгач, қўллай бошладим. У ерга боришдан аввал "Қандай жой экан ўзи? Мени у ерда нималар кутмоқда?" каби хаёллар келган эди. Бироқ Ўзбекистондан қайтганимдан сўнг фикрларим буткул ўзгарди. Энди мен Ўзбекистонни дунёнинг албатта саёҳат қилиниши керак бўлган 10та мамлакатидан бири деб биламан", дейди Туркия Гастрономик туризм уюшмаси Бошқарув кенгаши раиси Гуркан Бўзтепе birincibolge.com сайтидаги мақоласида

Фото: birincibolge.com

Нима учун Ўзбекистонга саёҳат қилиш керак, деган саволга менинг жавобларим қуйидагича:

  • Қардош туркий халқларни яқиндан таниш учун;
  • Муҳташам меҳмондўстликни ҳис этиш учун;
  • Дунёнинг ҳеч бир жойидан топиб бўлмайдиган исломий обидаларни кўриш учун;
  • Тиббиёт ва дин алломаларининг илмий тушунчаларини англаш учун;
  • Ҳазрати Усмон Мусҳафи, Ҳазрати Дониёл пайғамбар қадамжолари, Мирзо Улуғбек асос солган академия, шунингдек, Ибн Сино, Мирзо Бобур, Имом Бухорий, Имом Мансур Мотуридий, Али Қушчи каби ўз даврида дунё тақдирини ўзгартирган даҳоларнинг мероси билан танишиш баробарида, уларнинг илмий таълимотларини тушуниш ва қабрларини зиёрат қилиш учун;
  • ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тайёрланган паловнинг беқиёс таъмини татиб кўриш учун;
  • Ажойиб фотосуратлар учун;
  • Газли сув, сомса, жиз, вағури, наврўз-кабоб, қозон кабоб, гўштли ассорти, тухум барак, қовоқ манти, буқа гўшти, от гўшти, кўк чой каби бетакрор лаззатга эга таомларни ўз юртида татиб кўриш учун;
  • Дунё етакчиси — соҳибқирон Амир Темур мероси билан яқиндан таниш учун;
  • Дунёдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда замонавий давлат қурган Ислом Каримовни яқиндан таниш учун.

Ташрифимизнинг сабабига тўхталадиган бўлсак, қадрдон дўстим, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шуҳрат Аминовнинг ёрдами билан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари жаноб Азиз Абдуҳакимовнинг таклифига кўра бу мамлакат билан яқиндан танишиш, маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлаш мақсадида Туркия Гастрономик туризм уюшмаси (GTD) бошқарув кенгаши раиси ўринбосарлари билан биргаликда расмий ташриф билан бордик.

Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe

Бу ташрифдаги ташкилий ишлар ҳақидаги хулосаларимни ифодалаб ўтмоқчиман:

1. Ташрифимиз мукаммал даражада ташкил этилди.

2. Мамлакат кенг, кўриладиган жойлар кўп бўлишига қарамасдан, бизга ҳамроҳлик қилувчи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходими Анвар Юсупов бизга катта ёрдам қилди. Ўзининг чуқур интеллектуал салоҳияти ва амалий ақл-заковати ёрдамида қандайдир хатоларга йўл қўймади.

3. Ички ишлар ходимлари 24 соат давомида бизга посбонлик қилишди.

4. Ҳар бир шаҳарда бизни ҳокимлик вакиллари кутиб оларди. Улар бизни вокзал ва аэропортларнинг CİP-VIP залларигача кузатиб қўйишди.

5. Айниқса, Бухоро вилояти ҳокимининг Туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосари билан яқин дўстга айландик.

6. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва ўринбосарининг ёрдамини яққол ҳис қилиб турдик.

7. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида туризм соҳасида муҳим ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

8. Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси ҳамда Савдо саноат палатасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси билан муҳим келишув битимларини имзоладик.

9. Энг асосий келишув Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан имзоланди. Шунингдек, мазкур ҳужжат доирасида мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида Туркиядан янада кўпроқ туристларни жалб қилиш, ҳар икки мамлакатнинг пазандачилик ютуқлари билан ўртоқлашишга келишиб олинди. Бу борада Туркия Гастрономик туризм уюшмасига тегишли ваколатлар берилди.

10. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўзининг сифатли хизматлари билан кўзларимизни қувонтирди. Барча борт кузатувчилари жуда очиқкўнгил, менюдаги таомлар эса жуда тўйимли эди.

11. Ўзбекистон худди Ҳиндистон каби бепоён ўлка бўлгани сабаб баъзи жойларга бориш учун поезддан фойдаландик. У ерда поездлар икки хил экан, биз иккисига ҳам миндик. Поездларнинг қулайлик даражаси Париж-Лондон орасидаги поездларникидан фарқ қилмайди. Узоқ масофаларга қисқа вақтда етиб олдик. Йўлда айниқса поезд бўйлаб суратга олишни севувчилар учун чиройли манзаралар кўп.

12. Мамлакатда ажойиб таомлар бор. Кўпчилик фақатгина ўзбек паловини билса керак, лекин мен гўштли таомлар борасида илгари бундай лаззатни ҳис қилмаганман. От гўштидан буқа гўштигача ажиб таомларларнинг мазаси оғзимда қолди.

Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe

Ташриф давомида эътиборимни тортган ҳолат шу бўлдики, маданий жиҳатдан бу қадар теран илдизларга эга бу ўлкага сайёҳлар оқиб келиши керак бўлса-ю, нима учун сайёҳлар у қадар кўп эмас, деган хаёлга бордим. Жавоби аслида, жуда оддий: биз - туркий халқлар ҳеч қачон европаликлар ва америкаликлар каби қўлимиздаги бойликларни бозорга солиш ва сотишга уста бўлмаганмиз.

Итальянлар ва французлар оддий бир муҳаббат чашмасини ёки Эйфель минорасини қандай усталик билан пуллашмоқда. Оддий бир Эйфель минорасига ташриф буюраётган туристлар сони Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонидан кўп.

Энди биз туркий халқлар ҳам замона зайлига мослашишимиз керак, назаримда.

Дунё туризмида кузатилаётган тенденцияларига кўра, гастрономик туризмнинг роли ошиб бормоқда. Шундай экан, Ўзбекистон туризм соҳасида дунёда ўз ўрнини топиш истагида бўлса, фақатгина маданий мероси билан чекланиб қолмасдан, бетакрор ошхонасини ҳам дунёга танитиши лозим.

Дунёни-ку қўяверинг, Истанбулда неча киши ҳақиқий ўзбек паловини еган?

Истанбулда Ўзбек ресторани (Ўзбекистонда қандай бўлса шундай) Ўзбекистонда эса Турк ресторани (Туркияда қандай бўлса, шундай) ҳақиқий декорациялари билан, фаолияти тўғри ташкил қилиниб ва етарли даражада тарғиботи йўлга қўйилиб очилса, муваффақиятга эришиши шубҳасиз.

Шахсан мен Европага борганимда нонушта масаласида оч қоламан. Ўзбекистон биз билан муштарак ошхонага эга бўлгани учун таомлари жуда мазали, аммо у ерда илгари биз таъмини ҳис этмаган ўзига хос маҳсулотларни учратишимиз мумкин. Бу ўлка биз учун янгича туйғулар ҳадя этади.

Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe

Мухтасар қилиб айтганда:

  • Астрономияга қизиқасизми? Ўзбекистонни бориб кўринг (Дунёдаги энг биринчи йирик расадхона шу ерда қурилган).
  • Давлат арбобимисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Буюк давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темурни яқиндан таниш учун).
  • Меъмормисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (У ердаги бетакрор обидалардан файз олиш учун).
  • Маҳаллий ҳокимият раҳбаримисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Кўчалар, йўлларнинг озодалиги, шаҳарларнинг ободлиги нуқтаи назаридан).
  • Инвестормисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Туризм соҳаси учун яратилган имконият ва имтиёзлар билан танишасиз).
  • Мусулмонмисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Маданий ва зиёрат туризми обидалари билан танишасиз).
  • Сураткашмисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Энг гўзал манзараларни суратга олиш учун).
  • Гурманмисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Энг мазали таомларни татиб кўриш учун).
  • Туркиймисиз? Ўзбекистонни бориб кўринг (Туркийларнинг тарихи билан танишиш учун).
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe

Бу ташрифимдаги меҳмондўстлик учун энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига, Бош вазир ўринбосари жаноб Азиз Абдуҳакимовга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаровга, раис ўринбосари Абдулазиз Аққуловга, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шуҳрат Аминовга, Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори Фурқат Ходжаевга, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёровга, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси Ваҳоб Қаҳҳоровга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Анвар Юсупов қардошимиз омон бўлсин, мунтазам ёнимизда бўлди. Ўзининг юксак билимлари билан Ўзбекистон ҳақида билишимиз керак бўлган ҳолатларни тарихий тафсилотлари билан тушунтирди.

Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe
Фото: birincibolge.com /Gürkan Boztepe

Мавзуга оид