Жамият | 14:20 / 19.08.2018
27356
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада «15 сутка» 15 дақиқали иш

Журналистнинг касби ҳам саргузаштларга бой: эрталаб амалдорнинг олдида унинг гапларига қулоқ солиб ўтирган киши, кечга яқин бозор оралаб, халқнинг дардини тинглашга ошиқади. Ана шундай кунларнинг бирида, Kun.uz таҳририятига Фарғона шаҳридан мурожаат келиб тушди. Йўқ, бу гал мурожаатнинг мазмуни ва бизга маълум бўлган ҳолатлар бўйича гапирмоқчи эмасман. Аксинча, кутилмаганда ҳуқуқ-тартибот органи билан юз берган вазият ва унинг судгача етиб боргани ҳақида мухтасар қиламан. 

Шундай қилиб, водий гавҳари - Фарғона шаҳрига етиб келдим. Халқ суйган санъаткор айтганича бор: дов-дарахтлар кам, лек Фарғонадаги ўзгаришлар кишини ғайратлантириб юборади. Мен эса мурожаатчининг манзилини тополмай ҳалакман, шаҳарнинг ҳар бурчагида қурилиш, устига-устак олийгоҳларга қабул имтиҳони давом этмоқда эди. Қиргули томонда имтиҳон сабаб ёпиб қўйилган кўчага кириб қолдим. Фарғона вилояти ЙҲХБ ходими Сирожиддин Камолов билан бўлган суҳбатга аралашган Кенжаев катта қовун туширганини англаганда барчаси кеч бўлганди. Масаланинг барча тафсилотига тўхталиб ўтмоқчимасман, аммо факт шуки, ходим телефонимни тортиб олиб, кейин нима қиларини билмай қолди. 

«Майли, қайтариб беринг, сизга даъво қилмайман», дейишимга ҳам кўнмай инжиқлик қила бошлади. 

Камера билан ҳудудга кириб, манзилни суратга олишни ўйладим. Ҳарқалай, кечроқ қайтиб келиб, телефоним масаласини ҳал қиларман, ҳозир эса мурожаатчи кутяпти. Манзил шунда асқотади. Бироқ, бу ёқда хизмат қилиб турган «шоввозлар»га ўзимни таништириб, рухсатнома ва гувоҳномаларимни кўрсатишимга қарамай, улардан бири менга ташланиб қолди. 

«Мана! Қўлидаги соат «запись» қилади, билмайсизларми? Чиқар машинага буни», деб қўлимдаги соатни чаққонлик билан ечиб олди номаълум шахс. Қолганлари ҳам қараб тургани йўқ: ҳеч бир сабаб тушунтирилмасдан, фотоаппарат, журналист гувоҳномаси тортиб олинди. Ўзини «опер» деб таништирган шахс (ҳақиқатан, у кейинроқ бўлимга келди) қўлимни қайириб, машинага судради. 

Милициянинг талабини бажармаслик яхши оқибатларга олиб келмаслигини биламан. Аммо, бу талаб қонуний ё ноқонуний бўляптими, буни ўйлаб ўтиришга ҳам вақтим йўқ эди. Мен ўз хоҳишим билан машинага миндим. Ўша «опер» бўлса, ППХ ходимларига топшириқ берди:

«Буни бўлимдаги «уголовное»ларга топширинглар. 183 расмийлаштирсин 15 суткага», дейди уларга қарата. Менга эса тарбиямни олишимни таъкидлаб қўя қолди.

Қиргулидаги ИИБ бўлимига томон кетарканман, ўйланиб қолдим: 15 сутка дейдими? Нега?

Бўлим ҳовлисининг марказида турган столда ўтирарканман, тахминан 8 нафар ИИБ ходими мен билан «профилактик суҳбат» ўтказди. Ҳар гал бир воқеани қайтариб айтавердим. Хуллас, бошлиқ столга яқинлашиб, телефон, камера, соат ва гувоҳномани қайтариб беришини айтди. Шу билан масала ёпилади. Аммо, менда шубҳа уйғона бошлади: демак, менда айб топишмади, аммо «15 сутка» нима бўлади? Балки, телефон хотирасига ноқонуний нарса кўчириб қўйгандир? 

«Илтимос, профилактик суҳбат ўтказиб, телефонларни текширдик, ноқонуний нарса топмадик, деб ёзиб беринг. Мен ҳам хотиржам ишимга борай», дея илтимос қилдим. Рост-да, бўлимга келиб, шунча гапни ҳам эшитиб, киши қўрқади-ку.

Бу гапдан сўнг, ИИБ ходимларининг муносабати ўзгарди. Қоғозларни олиб келиб, ёзув-чизув бошлашди, аммо телефоним қайтариб берилмади. 

«Эртага маҳалладан справка олиб келсангиз, телефонни олиб кетаверасиз», дейди бир ходим. 

Маълумотномани амал-тақал қилиб олдим, ўша воқеанинг эртасига Фарғона шаҳрига ҳам етиб келдим. Аммо, эшитганим бошқа бўлди: менга нисбатан ИИБ ходими билдирги ёзиб берибди ва бугун суд бўлади. Бунча тез? Варақларга мўраласам, ҳаммаси жиддий. 

«Майли, сизлар айтгандай бўлсин. Суд бўлса, суд», дея Фарғона шаҳар маъмурий суди биносига йўл олдик. 

Суд менинг кўрсатувимни эшитиб, тақдим этган далил ва исботларни ўрганиб чиқди. Шундай қилиб, ҳаракатларимда ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги учун суд ишини тўхтатди. Яшасин, одил суд, дейман ва ташқарига отилдим. Бинодан чиқиб келарканман, хаёлимда битта гап чарх ура бошлади: Фарғонада «15 сутка» 15 дақиқали иш. 

Kun.uz мухбири Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид