Ўзбекистон | 23:52 / 13.09.2018
21575
2 дақиқада ўқилади

ОТМ тўлов-шартнома воситаларидан қанча маблағ тушиши кутилмоқда?

2018-2019 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасалари тўлов-шартнома воситаларидан 1,8 триллион сўм тушиши кутилмоқда. Kun.uz мухбири Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

У рақамлар ўтган ўқув йилига нисбатан 48 фоизга ўсиши мумкинлигини таъкидлади. 2017-2018 ўқув йилида ОТМларнинг тўлов-шартнома воситаларидан 1,21 триллион сўм тушган. 

Ўтган ўқув йили базавий шартномадан тушган пуллар - 747 миллиард сўмни (бу йил - 940 млрд сўм кутилмоқда), оширилган қийматдаги шартномадан тушган маблағлар эса 469 миллиард сўмни (650 млрд сўм) ташкил қилган.

Олий таълим муассасалари икки баравар оширилган шартнома қиймати ҳисобига қўшимча 210 миллиард сўмни қўлга киритишади. 

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу пул воситалари ОТМлар ҳисобига тушиб, уларнинг кейинги ривожланиши учун сармоя сифатида хизмат қилади. 

Азиз Абдуҳакимов шунингдек етарли ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларнинг суперконтракт эвазига ОТМларга қабул қилинишига ҳам изоҳ бериб ўтди. 

"Умуман олганда, мен мутлақо билимсиз  абитуриентларни ОТМларга қабул қилиш тарафдори эмасман, бироқ агар инсон таълим олиш учун оширилган тўлов-шартнома пулини тўлай олса-ю, ўқув дастурини ўзлаштиришни уддалай олмаса, биринчи сессиядан кейиноқ ўқишдан четлатилади. Бу эса умуман ноқобил абитуриентларнинг диплом ола олмаслигини кафолатлайди", - деди у. 

Мавзуга оид