Ўзбекистон | 12:42 / 13.09.2018
9031
5 дақиқада ўқилади

Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда артезиан қудуқларни қазиш жадаллаштирилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда артезиан қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойлаштирилди.

Ҳужжатда айтилишича, президентнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680-сон қарорда “Томорқа хизмати” МЧЖларга суғориш тизимини яратиш ва яхшилаш, сув насослари ўрнатиш, артезиан қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғоришни ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган, истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган аҳоли масканларида артезиан қудуқларини қазиш бўйича манзилли Дастур;

Дастурни амалга ошириш учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармасидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига имтиёзли кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига ресурслар жойлаштириш прогнози;

Дастурни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги, Кенгаш, Ўзбекистон Республикаси  қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Дастурга киритилган маҳалла фуқаро йиғинларидаги томорқаларни ҳар томонлама пухта ўрганиб, ушбу томорқаларда боғларни ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришни томчилатиб суғориш технологияси асосида ташкил этилишини кўзда тутувчи чора-тадбир ишлаб чиқадилар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритадилар.

Республика ишчи гуруҳи (З.Т.Мирзаев):

Дастурни амалга ошириш доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

Дастурни амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш, юзага келган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш учун зарур чоралар кўриш;

зарур ҳолларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг хулосалари асосида Кенгаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари таклифлари бўйича Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш вазифалари топширилди.

Дастурга мувофиқ қудуқларни бурғилаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан қудуқларни бурғилаш учун бериладиган гидрогеологик хулосаларни, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан артезиан қудуқларини қазиш бўйича лойиҳаларга экологик экспертиза хулосаларини ўрнатилган тартибда берилиши таъминлайди.

Бунда, Дастурда белгиланган қудуқларни бурғилаш учун бериладиган гидрогеологик хулосалар ва лойиҳаларни экологик экспертиза қилиш ишлари учун ўрнатилган тўловлар миқдорини икки баробарга камайтирилиши назарда тутилади.

“Ўзбекэнерго”АЖ 2019-2020 йиллар даврида сув таъминоти оғир бўлган аҳоли масканларида қуриладиган артезиан қудуқларининг электр тармоқларга ўрнатилган тартибда уланишини ҳамда уларга узлуксиз электр энергия етказиб берилишини таъминлайди.

Дастурда белгиланган сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда артезиан қудуқларни қазиш ишларини ташкил этишда “Томорқа хизмати” МЧЖ буюртмачи ва фойдаланувчи этиб белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига:

жорий йилнинг 1 декабрига қадар “Томорқа хизмати” МЧЖлар билан давлат – хусусий шериклик тизимини ташкил этиш мақсадида артезиан қудуқларини бурғилаш, шу жумладан энергия манбалари ускуналарини ўрнатиш ва уларни келгусида эксплуатация қилиш учун зарур ер майдонларини ўрнатилган тартибда ажратиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш
ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (ёки уларнинг бир қисмини) ноль ставкада ижарага берилишини таъминлаш вазифалари юклатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид