14:14 / 24.09.2018
4078

Гонгконгда Хитойдан ажралиб чиқишни хоҳлаган партия тақиқлаб қўйилди

Фото: REUTERS

Хитойдан ажралиб чиқиш тарафдори бўлган Гонконг миллий партиясига тақиқ қўйилди, деб ёзмоқда The Guardian газетаси.

Қарор Гонгконг хавфсизлик бюроси томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг мурожаатига кўра қабул қилинди. Расмийларнинг хабар беришича, партия ўз ишидан зўравонликдан бевосита фойдаланмаган, бироқ миллий хавфсизлик учун ҳақиқий таҳдид бўлган.

Қонунчиликка кўра, тақиқланган ташкилотда иштирок этиш, уни молиялаштириш, шунингдек, унинг тадбирларига бориш учун йигирма минг Гонконг доллари миқдорида жарима ёки бир йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади. Такрорий қонунбузарлик ҳолати учун суд икки йилга қамоққа юбориши мумкин.

Гонгконг миллий партияси етакчиси Энди Чан, газета маълумотларига кўра, ташкилотни тақиқлаш тўғрисидаги расмий қарорга қадар изоҳ беришдан бош тортган.

The Guardian’нинг қайд этишича, Гонгконг миллий партияси сўнгги икки йил ичида ўз таъсирини нисбатан камайтирди, аммо унинг фаолияти тақиқланиши жамиятда ташкилотни қўллаб-қувватлаш даражасининг қайта тикланишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Хитойга ўта кескин айбловлар билан чиқмоқчи экани хабар қилинганди.

Top