Ўзбекистон | 18:46 / 26.09.2018
3332
3 дақиқада ўқилади

TOP RESA-2018: Ўзбекистон Париждаги халқаро туристик кўргазмада иштирок этмоқда

Парижда Европадаги энг нуфузли ва энг кўп меҳмон ташриф буюрувчи туристик кўргазмалардан бири TOP RESA-2018 фаолиятига старт берилди. Дунёнинг энг йирик туристик кўргазмаларидан бири ҳисобланган TOP RESA-2018 туризмнинг барча йўналишлари, бизнес-сафарлар ва event-саноатларини ўз ичига қамраб олган. Кўргазма янгиликлардан хабардор бўлиш ва фикр алмашишни истовчи туристик бюролар, ташувчилар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туристик агентликлар ва туроператорларни бир жойга тўплади. 

Франция пойтахтида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси (МАК) томонидан ташкил қилинган ягона миллий стенд остида намойиш этилди. Экспозицияда Қўмита ва МАК вакилларидан ташқари, шунингдек "Ўзбекистон темир йўллари" ҳамда мамлакатимизнинг туристик компаниялари вакиллари ҳам қатнашишмоқда. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг KUN.UZ'га хабар беришича, Париж ўзбекистонликларни жуда илиқ қарши олган. Кўргазманинг очилиш маросими катта тантана билан бошланган. Ўзбекистон ушбу тадбирда 2012 йилдан бери иштирок этиб келади. Кўплаб кўргазма меҳмонлари Ўзбекистонга келиш истагини билдириб, бу ерга саёҳат қилиш учун электрон визани қандай олиш мумкинлигига қизиқишган. 

Миллий стендда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термизнинг диққатга сазовор масканлари ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик йўналишларига оид қўлланмалар, видеоматериаллар, рисолалар, халқ-амалий санъати намуналари, йўлкўрсатувчилар ва ахборот материаллари тақдим этилган. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Ўзбекистоннинг турли минтақалари туркомпанияларининг бир кўргазма майдонида жойлашиши хорижий туроператорларга Ўзбекистоннинг туристик бозори, мамлакатдаги меҳмонхона ва транспорт инфратузилмалари  ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. 

Тадбир давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг Франция томон билан бизнес-учрашувлари режалаштирилган, учрашув жараёнида икки томонлама ҳамкорликка доир янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид