Ўзбекистон | 00:34 / 28.09.2018
7482
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада Латвия университетининг филиали ташкил этилади

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Фарғона вилоятида Латвиядаги университетнинг филиали ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишча, давлат раҳбари 26 сентябр куни тегишли қарорни имзолаб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона шаҳрида Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб республиканинг туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар белгиланди.

Филиалда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича кўпроқ инглиз тилида кундузги шаклда амалга оширилади.

Мазкур Филиалда олтита йўналишда бакалавр ва иккита мутахассисликда магистрлар тайёрланиб, унга қабул квоталари Олий мактабнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тайёрланган асосли таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан шакллантириш ва тўлдиришга кўмаклашади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид