Жаҳон | 16:33 / 28.09.2018
18827
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Туркия бутун дунё бўйлаб Эрдўғаннинг душманларига ов бошлайди

Фото: AP

Туркия НАТО иттифоқдоши эканлигига қарамай, бу давлат ҳукумати мамлакатдан ташқарида, жумладан, Америка Қўшма Штатларида яшовчи, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг душманлари учун ов эълон қилди. Бу ҳақда Американинг NBC News телеканали хабар бермоқда.

Хусусан, гап мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен ҳақида кетмоқда, у Қўшма Штатларда яшириниб келяпти. Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалиннинг маълум қилишича, Туркия миллий разведкаси мухолифатчи, АҚШнинг Пенсильвания штатида яшаб келаётган Фатҳуллоҳ Гуленнинг тарафдорларига қарши хорижда «операцияларни» бошлайди.

Туркиянинг фикрича, Гулен 2016 йил июль ойида давлат тўнтариши ташкил этишга уринган. Бундан ташқари, Туркия Республикасидан ташқарида Гулен тарафдорларининг халқаро ҳаракати фаолият юритади, у Туркияда FETO (Fethullah Terror Group) номи билан танилган ва террорчилик характерига эга, деб топилган. Айнан шу ташкилотнинг хориждаги бўлинмаларига Туркия разведкаси эътибор қаратади, дея таъкидлайди Америка телеканали.

«Улар орқадан Туркиянинг нафасини ҳис қиладилар», - дея Эрдўған матбуот котибининг Анқарада журналистлар билан учрашув чоғидаги сўзларини келтиради NBC.

Туркия бир неча марта Оқ уйга Фатҳуллоҳ Гуленнинг экстрадиция қилиниши бўйича талаб билан чиқди, лекин Вашингтон бунга эътибор қаратмади, деб эслатади NBC News.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған яна АҚШни айблагани хабар берилганди. 

Мавзуга оид