17:11 / 03.10.2018
12670

АҚШ иқтисодиёти 2020 йилда турғунликка тушиши мумкин

Фото: AP

Бизнес-иқтисодчиларнинг аксарияти АҚШда 2020 йил охирида - келаси президентлик сайловлари пайтида рецессия (турғунлик) юз беришини тахмин қилишмоқда. Бу ҳақда Newsweek Бизнес-иқтисодиёт миллий ассоциациясининг (National Association for Business Economics) 50дан ортиқ эксперти ўртасида ўтказилган сўров натижаларига таянган ҳолда ёзмоқда.

Сўровда қатнашган иқтисодчиларнинг 10 фоизга яқини рецессия 2019 йилда бошланишни тахмин қилган. Экспертларнинг 56%и фикрича, у 2020 йилда бошланиши мумкин. Бундан ташқари, респондентларнинг 36 фоизи камида 2021 йилгача жиддий иқтисодий инқирозни кутишмаётганини айтишган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка савдо сиёсатини ўзгартиришга қарор қилди, бу Хитой каби йирик иқтисодиётлар билан «савдо урушлари» келиб чиқишига сабаб бўлди, дейилади материалда.

Душанба куни АҚШ етакчиси Шимолий Америка эркин савдо битимини (NAFTA) Мексика ва Канада билан янги савдо битимига (USMCA) алмаштириши ҳақида эълон қилди. Бундан ташқари, АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой билан савдо музокараларига тайёр эмаслигини айтди. Америка раҳбари Хитойга нисбатан божларнинг янги раунди бўйича имкониятларни кўриб чиқмоқда. Аввалроқ, Пекин ва Вашингтон божлар билан алмашганди. Трамп Хитой товарларига 250 миллиард долларлик божлар жорий қилди. Бунга жавобан Хитой Америкадан маҳсулотларга нисбатан 60 миллиард долларлик божларни киритди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Reuters АҚШнинг обрўси пасайиб кетгани ҳақида ёзганди.

Top