Спорт | 15:50 / 03.10.2018
23972
7 дақиқада ўқилади

«Алифбе». Ўзбек футболидаги ёлланма профессионаллар ҳақида

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов «Футбол Экспресс» газетасига интервью берар экан, Суперлига ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Суперлиганинг бу формати келаси йили ҳам шу тарзда қолади деб айтолмайман. Биз бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқамиз. Айни пайтда чемпионатимизда 12та жамоа иштирок этаяпти. Лекин футбол миллионлар ўйини эканлигини унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда эса футболни жуда севишарди. Шунинг учун, унинг ҳар бир вилоятида, шаҳрида албатта футбол бўлиши керак. Биргина Тошкентнинг ўзидан учта жамоанинг нима кераги бор? Масалан, мен Андижон халқи ўз жамоасини Суперлигада кўришини хоҳлайман. Чунки улар бунга муносиб. Ёки Самарқандни олайлик. Самарқандда ҳам албатта футбол бўлиши керак. Шу боис, биз чемпионат форматини қайта кўриб чиқамиз ва буни муҳокама қиламиз. Футболдан бутун халқимиз баҳраманд бўлиши керак. Чунки биз Ўзбекистон футболини юксакларга кўтариш учун меҳнат қилаяпмиз. Шунинг учун чемпионатимиз тизими борасида ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрганимиздан кейин, қарор чиқарамиз», - дейди Аҳмаджонов.

Бир томондан, жуда тўғри гаплар. Халқнинг, бир футбол мухлисининг дилидаги гаплар. Аммо...

Аввало, Суперлига нима, Профессионал Футбол Лигаси қанақа ташкилот, мазмунан бу тушунчаларнинг маъноси ҳақида бироз фикр билдириб қўйиш керак шекилли.

Тасаввур қилинг, бир гуруҳ дўстлар билан стадионга футбол ўйнаб турасизлар. Вақт ўтиб, футбол ўйновчилар ва жамоалар кўпайиб кетди. Қачон, ким билан қандай ўйналиши, майдонга тушиш навбати кимда экани ҳақидаги баҳслар авж олди. Ҳар сафар ҳамма тўпланиб олиб, бундай масалаларнинг ҳал қилиниши мураккаблашиб кетди. Шунда четдан одам ёллайсиз.

«Биз ҳам футбол ўйнаб, ҳам очколарни ҳисоблаш, ҳакам топиш, улар билан келишиш, совринлар жорий қилиш билан шуғуллансак, қийинлашиб кетяпти. Шунинг учун биз сиз(лар)га жамоалар пул йиғиб берамиз. Сиз бу пулга мусобақани ташкиллаштириб, тақвим тузиб, ҳакамларни белгилаб, турнир жадвалини тузиб борасизлар. Турнир ҳалол ва холис, тартиб билан ўтишини таъминлаб берасизлар», – деб айтилади уларга.

Шу тариқа, Профессионал Футбол Лигаси пайдо бўлади. Тушуниб турганингиздек, бу ерда футбол жамоаларники, Лига эса, уларнинг вақтини тежаш, холисликни таъминлаш мақсадида, улардан олинган пул эвазига ёлланма ташкилотчи вазифасини бажаради.

Вазият бу босқичдан ҳам ўтиб ривожланиши мумкин. Масалан, Европада ўша Ёлланма ташкилотчилар, масалан АПЛ клубларга айтади: «Ўйинлар қизиқ бўляпти. Томошабинлар сизларни телевизорда кўрмоқчи. Мен келишдим, шу ўйинларингни телевизорда ҳам кўрсатсак, улар бизга катта пул берар экан. Рози бўлсанглар, шу келишувни амалга оширамиз ва шу даромадни ўзларингга тақсимлаб берамиз».

Бу Лиганинг ҳам профессионаллашуви деб аталади. Яъни энди, клублар Лигага бадал пули тўлаш ўрнига, кўрсатаётган ўйинлари, шу Лига (ташкилотчи) билан келишганликлари ҳисобига пул ола бошлайди. Аммо мазмунан ҳеч нарса ўзгармайди, футбол барибир клубларники. Улар исташса, бошқа ташкилотчи билан ҳам шартнома қилиб, кетиб қолишлари мумкин. Шунинг учун ташкилотчи клубларни рози қилишга интилади. Ҳар қандай қарор, ҳар қандай ўзгариш клубларнинг розилиги билан амалга оширилади. Ташкилот кимнидир жазолаши, кимнидир турнирдан четлатиб юбориши ҳам мумкин – лекин бунга асос бўлиб, айнан ўша клублар ўртасида аввалдан келишиб қўйилган қоидаларнинг амалда бўлишини таъминлаш кераклиги хизмат қилади.

Масалан, бир жамоа ғирром иш қилса, ташкилотчи уни жазолайди. Бу ҳолат ташкилотнинг куч соҳиби экани, бошлиқ экани, турнирнинг эгаси эканини англатмайди. Ташкилот клубларнинг келишуви асосида юзага келган қоидаларнинг бажарилишини таъминлаётганини, яъни клубларга яхши хизмат қилаётганини англатади холос.   

Энди амалиётга кўчамиз. Профессионал Футбол Лигаси мамлакатимиздаги футбол клублари учун худди шундай ёлланган ташкилот бўлиши керак. ПФЛ ҳар бир клубдан 2018 йил учун 500 миллион сўмдан, жами 6 миллиард сўм пул йиғиб олган. Шу пул эвазига, ПФЛ чемпионат форматини белгилайди, тақвим тузади, ҳакамларни тайёрлайди, ўқитади, белгилайди, ўйинларнинг ўтишини таъминлайди, турнир жадвалини ҳисоб-китоб қилиб боради, совриндорларни аниқлайди ва ҳоказо.

Ҳали кейинги босқичга, яъни ПФЛ ўзи катта даромад қилиб, клубларга тақсимлаш даражасига келмади, балки клублар ПФЛдан худди шу ривожланишни талаб қилишга ҳақлидир. Лекин ҳозирда Лига ўзини ёлланма ташкилотчи эмас, футболнинг эгасидан тутиши, ҳеч қандай асоссиз у жамоани ҳайдаб, бунисини қўшиши қайси мантиққа сиғади?

«Тошкентдан уч жамоа кўплик қилади», «Андижон ё Самарқанддан ҳам жамоа бўлиши керак» қабилидаги фикрлар масалан менда ҳам бор. Нукусда ҳам, Термизда ҳам Суперлига жамоаси бўлишини, футбол географияси имкон қадар кенгроқ бўлишини истайман. Тошкентда стадионни тўлдира олмайдиган «суперклублар» баъзида мени ҳам хафа қилади, тўғри. Лекин бу фикрлар муаммони бир буйруқ билан ҳал қиладиган инсонлар тарафидан шунчаки орзу ёки умид сифатида эмас, қандайдир ҳаракатлар учун асос сифатида келтирилса, нотўғри эмасми?

Самарқандга катта футбол керак бўлса, Про Лигада ғолиб чиқиб, Суперлигага чиқсин. Андижон Суперлигага муносиб бўлиши учун ЎФА вице-президентининг шундай деб ҳисоблаши кифоя қилмайди. Тошкентда учта жамоа кўп бўлса, улардан бири сўнгги ўринни олиши шарти бажарилиши керак. Форматни ўзгартирамиз деб, ҳеч кимдан сўрамай, 4 клубни лигадан ҳайдаш, «қизиқ бўлмаяпти» деб мавсумнинг ўртасида «олтин очколар»ни йўқотишга уриниш «ёлланма ташкилот» учун кўплик қилмайдими? (Бадал пул олиш тугул, ҳар йили клубларга юз миллион фунтдан тарқатадиган АПЛ ҳам энг кичик масалаларни ҳам овозга қўйиш орқали ҳал қиладику?)    

Умид Аҳмаджоновнинг бир фикрига қўшиламан. Футбол халқ учун. Умуман, ҳамма нарса халқ учун. Менимча, халқ учун дейиш бироз етарли эмас, тўғрироғи – халқники. Ҳамма нарса халқники. Ёлланма ташкилотлар халқдан олинган пул эвазига халққа хизмат қилади, халқнинг яхши яшаши учун умумий қоидаларни ишлаб чиқади, ҳаётнинг ўша қоидалар асосида ўтишини таъминлайди. Барча халққа хизмат қилади.

Аммо қачонки, ёлланма ташкилотлар ўзини халқнинг ҳам, қоидаларнинг ҳам эгасидек тутса...

Ҳар қанча тўғри гапирилмасин, қарсакка арзимайди...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид