Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Суриянинг С-300 билан мустаҳкамланиши Яқин Шарқдаги ҳарбий ўйинни ўзгартиради
Россия томонидан Сурияга етказиб берилаётган зенит ракета тизими Сурия Араб Республикасидаги можарода иштирок этаётган давлатлар кучлари мувозанатига ўзгартириш киритиши мумкин, деб ёзмоқда The Independent газетаси.
Айни пайтда Россия Сурияга С-300 зенит ракета тизимларининг етказиб бериш ишларини деярли якунлади.
Зенит ракета комплексларини етказиб бериш тўғрисидаги қарор, 17 сентябрь куни Сурия осмонида бортида 15 нафар ҳарбий бўлган Россиянинг Ил-20 жосус самолёти уриб туширилганидан кейин қабул қилинди. Сурия қирғоғидан 35 километр узоқликда юз берган ҳодиса оқибатида экипажнинг барча аъзолари ҳалок бўлди, Россия эса Исроилни айблади, дея эслатади газета. Ўшанда расмий Москва Исроилга тегишли F-16 қирувчилари Россия самолётидан тузоқ сифатида фойдаланганини маълум қилди.
«Дўстона олов ёрдамида» самолётнинг ҳалокатга учраши жуда ажабланарли эмас, дея ёзади The Independent, сабаби дунёдаги энг қудратли ҳарбий-ҳаво кучлари - Россия, АҚШ ва Исроил - кўпинча Сурия ҳаво ҳудудида ёки унинг яқинида парвоз қиладилар. Шунингдек, Сурияда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан мустаҳкамланган Туркия ва Сурия самолётлари бор. Айнан шунинг учун бундай ҳодисаларнинг юз бериши муқаррар нарса, сабаби бешта ҳарбий-ҳаво кучлари бир-бирига яқин масофада фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, Исроил узоқ вақтдан бери Сурия ва Эронга Россия С-300 комплекслари етказиб берилишига тўсқинлик қилишга уринмоқда, дея таъкидлайди нашр. Россия президенти Владимир Путин ҳозиргача Сурия, Туркия ва Исроил билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга ҳамда ҳамкорликни юқори даражада олиб боришга муваффақ бўлиб келаётганди. Бироқ Ил-20 ҳалокатидан кейин Россия-Исроил муносабатлари бузилди. Энди, Сурия С-300 билан мустаҳкамлаганидан сўнг, нафақат Исроилнинг ҳаво операциялари, балки Яқин Шарқнинг шимолий қисмида, хусусан, Сурия ва Ироқдаги АҚШ ҳаракатлари савол остида қолди, деб ёзади The Independent. Нашрнинг аниқлик киритишича, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаасини жиддий кучайтириш АҚШнинг ҳарбий имкониятларини камайтиришга олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Сурияда яна F-22 қирувчиларини қўллаши мумкин экани хабар қилинганди.