Ўзбекистон | 21:44 / 09.10.2018
17560
2 дақиқада ўқилади

Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг билдиришича, лойиҳада нафақалар ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш (доимий прописка ёки вақтинча (турган жойи бўйича) ҳисобга олинган) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайинланиши, вақтинча (турган жойи бўйича) ҳисобга олинган жойдан ариза билан мурожаат қилганда, доимий пропискадан ўтган жойидан нафақалар ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ҳақида маълумотнома тақдим этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг жойлардаги органлари томонидан нафақалар ва моддий ёрдам тайинланган ва тўланган фуқаролар ҳақида маълумотлар электрон реестри юритилишини белгиловчи норма киритилмоқда.

Электрон реестрнинг жорий этилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ва сохта маълумотлар берилиши ҳолатлари олди олинади.

Кам таъминланган оилаларнинг пропискадан ўтган жойидан қатъи назар, уларнинг моддий ва мулкий ҳолатини тўлиқ ўрганиш ҳамда ҳақиқатан эҳтиёжманд ва давлат кўмагига муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида зарур моддий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади.

Мазкур қарор лойиҳасининг қабул қилиниши ҳақиқатан эҳтиёжманд ва давлат кўмагига муҳтож бўлган кам таъминланган оилаларнинг давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиниши таъминланишига эришилади.

Мавзуга оид